Давлат раҳбарининг бевосита эътибори ва тавсияларига мувофиқ, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойили асосида ўтган уч ойда бевосита маҳалла ва қишлоқларда, олис аҳоли масканларида уйма-уй юриб ўрганишлар олиб борилгани ҳолда амалий ишга ўтилгани кўпдан кутилган янгилик бўлди. Бу орқали аҳолини ўйлантираётган ташвиш ва муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиляпти.
Айни пайтда Далмун, Қораулон, Хўжалар, Арбобон, Қалъа қишлоқларини ўзида бирлаштирган маҳалламизда 581 та хонадон ва 922 та оила бўлиб, уларда 3 400 нафарга яқин аҳоли яшайди. Одамларнинг асосий тирикчилик манбаи томорқа хўжалиги ва чорвачилик ҳисобланади. Маҳалладаги барча хонадаонлар ўз томорқасига эга, яна 30 тага яқин хонадон иссиқхона хўжалигини юритади. Қолаверса, ўндан зиёд ҳовлида асаларичилик, тўртта хонадонда қуёнчилик, учта оилада балиқчилик фаолияти ташкил қилинган.
Маҳаллада олиб борилаётган ўрганишлар туфайли “Темир дафтар”га киритилган оилалар сони жорий йил иккинчи ярмида 10 тага, “Аёллар дафтари”дан ўрин олганлар сони 120 нафардан 73 нафарга, “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизлар сони 38 нафардан 6 нафаргача қисқарди. Нисбатан ижтимоий ҳолати оғир ҳудуд, дея баҳоланган маҳаллада бунёдкорлик ишларига сентябр ойидан киришилганди. Бунда аҳоли талаб ва мурожаатига биноан, юзга яқин муаммо аниқланиб, ечими изланди.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, кейинги уч ойда ўттизга яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, ички йўлларнинг қарийб 10 километр қисми таъмирдан чиқарилди. Бунда 2,5 километр йўл асфальтланди, 3 километрига шағал ётқизилди, 750 метр квадрат йўл қисмида пиёдалар йўлаги барпо қилинди.
Электр таъминотидаги узилиш ва нуқсонларга барҳам бериш мақсадида 2,2 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланиб, қирқдан ортиқ тунги ёритиш мосламалари ўрнатилди. 2 та янги трансформатор пункти ишга туширилиб, ўнга яқини қайта таъмирланди. 60 тага яқин темир-бетон устунлар ўрнатилди. Тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 4,7 километр масофага янгидан сув тармоғи тортилиб, илк бор 140 та хонадон оби-ҳаёт билан таъминланди. Болалар майдончаси, дам олиш боғи, “Worcоut” майдончаси барпо этилиб, шу кунларда маҳалла маъмурий марказини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Очиғи, авваллари бизни “Оддий одамларга, ёшларга нима керак?”, “Болалар кечқурун нима ўйнайди?”, “Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади?” деган саволлар қийнарди. “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойили асосида бунга ечим топилди: лойиҳалар халқимиз хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, яхлит тузилма шаклида тайёрланди. Натижада гавжуд жойлар — маҳалла идораси, мактаблар ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиляпти.
Қолаверса, шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади. Келгусида шифокор пунктларини жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади. Ўйлашимча, ҳар бир маҳалланинг мана шундай иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши керак, у ерда ҳаёт қайнаши лозим.
Шоҳиддин НОСИРОВ,
“Далмунобод” маҳалласи раиси.