Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифаси — ишсизликни тугатиш ва иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришдан иборат. Шу мақсадда маҳалламизда йил бошидаги хатлов натижасига кўра, 67 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланган. Ҳозиргача уларнинг 36 нафари ўз иш ўрнига эга бўлди. Йил охиригача барчасининг бандлиги таъминланади.
Бунинг учун йўл харитаси тузиб олганман. Аммо имтиёзли кредит ва субсидияга талабгорлар учун лимит йўқлиги ҳозирча режамизни бироз ортга сурмоқда. Мисол учун, айни пайтда 11 нафар фуқаро имтиёзли кредитга, 7 нафари субсидия олишга ариза берган. Уларнинг аризаси “Онлайн маҳалла” платформасига киритиб қўйилган. Бироқ лимит йўқлиги учун ёрдам кечикмоқда.
Шу ўринда имтиёзли кредит масаласида бир таклифим бор. Бизнинг маҳаллага йил бошида 1 миллиард 100 минг сўм лимит ажратилган. Бу маблағ тартибга кўра, чоракка бўлиб чиқилган. Яъни ўша чоракда лимитдан ортиғини бера олмаймиз. Ваҳоланки, йил бошида, тўғрироғи, апрель ойигача кредит маблағини мақсадли сарфлаш имкони бўлади. Йил охирида эса аксарият маблағ мақсадсиз сарфланади. Аниқроғи, қиш кунларида деҳқончилик учун сўралган маблағни берсак, натижа кутганимиздек бўлмайди. Шунинг учун лимит тақсимотини ҳоким ёрдамчилари ўзи ҳал қилиши керак.
Яна бир мулоҳаза — хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳақида. Хабаримиз бор, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Хитой давлатининг Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, жорий йил сўнгига қадар 200 нафар ҳоким ёрдамчилари Хитой тажрибасини ўрганиши кўзда тутилган. Шу мақсадда яқинда 20 нафар ҳоким ёрдамчилари Хитой давлатида малака ошириб қайтишди. Улар икки ҳафта давомида “Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартириш” мавзусида мутахассислардан таълим олди.
Менимча, бу рақамни янада ошириш, кўпроқ ходимларни юбориш керак. Айниқса, биз каби чекка ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчиларига ҳам эътибор қаратилса, яхши бўларди. Негадир мана шу каби ташаббуслардан қолиб кетяпмиз. Мен ҳам хорижга бориб, тажриба ўрганиб келишни хоҳлайман. У ердаги энг яхши тажрибаларни ўз маҳалламизда жорий этишни ният қилганман. Тўғри, қолган ҳоким ёрдамчилари онлайн ўқувларда малака ошириши белгиланган. Аммо ўзинг бориб, ўз кўзинг билан кўрганинг бошқачада. Шу учун хорижга малака оширишга борадиган ходимларни саралаб олиш бўйича мезонлар ишлаб чиқилиши керак.
Эркин ОРИПОВ,
Олтиариқ туманидаги
“Беглар” маҳалласи
ҳоким ёрдамчиси.