Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

-+=

Маҳалла раиси қандай ваколатларга эга?

МАҲАЛЛА РАИСИ — ҲУДУДГА РАҲБАРЛИК ҚИЛАДИ, УНИНГ ВАКОЛАТИ ДОИРАСИДА ҚАБУЛ ҚИЛГАН ҚАРОРЛАРИ ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ҲУДУДИДА БАЖАРИЛИШИ МАЖБУРИЙ САНАЛАДИ. ХЎШ, РАИСЛАР ЯНА ҚАНДАЙ ВАКОЛАТЛАРГА ЭГА?

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқ ва ваколатлари “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун, соҳага оид қатор фармон ва қарорлар билан тартибга солинади. Маҳалла раиси — ҳудудга раҳбарлик қилади, унинг ваколати доирасида қабул қилган қарорлари фуқаролар йиғини ҳудудида бажарилиши мажбурий саналади. Хўш, раислар яна қандай ваколатларга эга?

  1. “МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ”НИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ. Президент ташаббуси билан “маҳалла бешлиги” солиқ ва ижтимоий ходим қўшилиб, “еттилик”ка айлантирилди. Уларнинг ишини биргаликда ташкил қилишда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, эндиликда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимнинг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланади. Шунингдек, маҳалла раиси “еттилик”ни рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини тайинлаш бўйича уларнинг юқори идорасига тақдимнома киритиш ваколатига эга.
    1. РАИС КИРИТГАН МАСАЛА КЕНГАШДА КЎРИЛИШИ ШАРТ. Маҳалла раиси халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига фуқаролар йиғини фаолиятига доир масалалар юзасидан кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этади, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки руҳий ҳолати бузилгани (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза бериши мумкин.
    2. МАҲАЛЛА РАИСИ ҲУҚУҚИЙ ВА МЕҲНАТ ШАРТНОМАЛАРИ ТУЗАДИ. Йиғин раиси давлат органларида, шу жумладан, судда, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фуқаролар йиғинининг манфаатларини ифодалайди, маҳалла номидан шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади. Хусусан, раис маҳаллалар ҳудудида яшайдиган ишсиз шахсларни жамоат ишларига жалб қилиш учун улар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларнинг меҳнатига Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади. Бунда ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши ва унинг икки бараваридан кўп бўлиши мумкин эмас.
    3. ЎЛИМНИ ҚАЙД ЭТАДИ, ИШОНЧНОМА ТАСДИҚЛАЙДИ. Фуқаролар йиғини раиси ўлимни қайд этиши, хат-хабарларни, шу жумладан, пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан маблағларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкин.
    4. КОМИССИЯ ВА ГУРУҲЛАРГА РАҲБАРЛИК ҚИЛАДИ. Маҳалла раиси фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, “Кексалар маслаҳат гуруҳи” ҳамда Маҳалла назорати гуруҳига раҳбарлик қилади. Комиссия “Кексалар маслаҳат гуруҳи” 8-12 нафар аъзодан иборат таркибда 5 йил муддатга сайланса, Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларининг сони чекланмаган. Йиғин раиси давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллага бириктирилган ходимлари ишини таҳлил қилади, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, натижалари бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритади.
    5. МАҲАЛЛА РАИСИ СЎРОВИНИ ЮБОРАДИ. Фуқаролар йиғини раиси тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли. Сўров фуқаролар йиғини фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидангина юборилиши лозим. Маҳалла раиси сўрови қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда йиғиннинг расмий бланкасида расмийлаштирилади ва маҳалла раиси томонидан имзоланади. Мансабдор шахслар ўн беш кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда фуқаролар йиғини раисига юбориши шарт.
    6. РАИСНИНГ ИШ КУНИ СОАТ 7-00 ДАН 22-00 ГАЧА ТАҚСИМЛАНАДИ. Фуқаролар йиғини раисининг иш тартиби қирқ соатлик ва олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда, Фуқаролар йиғини кенгаши тасдиқлайдиган ички тартиб қоидаларида белгиланади. Бунда йиғин фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, иш вақтининг жамланган ҳисоби юритилади ва иш куни соат 7-00 дан 22-00 гача тақсимланади. Маҳалла раисига ҳар йили 24 кунлик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади.
    7. “ОБОД МАҲАЛЛА” ВА “ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРЛАРИ ЛОЙИҲАСИНИ ФАҚАТ МАҲАЛЛА РАИСИ КИРИТАДИ. Эндиликда дастурларга киритиладиган маҳаллалар жамоатчилик фикри асосида, овоз бериш йўли билан аниқланади. Бунда ҳудудда амалга ошириладиган ишлар бўйича лойиҳа тўпламини киритиш ҳуқуқига фақат маҳалла раиси эга бўлади ва бир йилда фақат бир маротаба битта лойиҳа тўпламини порталга киритади. Бунда бошқа фуқароларнинг лойиҳалар тўпламини шакллантиришига йўл қўйилмайди. Дастурлар доирасида ҳар бир маҳалла раиси номига порталда электрон рақамли имзо орқали рўйхатдан ўтувчи логин ва пароллар расмийлаштирилади. Маҳалла раиси ўзгарган тақдирда, янги раис номига бошқа фойдаланувчи аккаунти очилади.

    ***

    Юқорида маҳалла раисларига қонунчилик асосида берилган ваколатларнинг айримларига тўхталиб ўтдик. Мақсад — уларга берилган имкониятлардан самарали фойдаланиши, муаммо ва масалалар ечимида ўз нуқтаи назарини баён қилишига замин яратишдан иборат. Зеро, маҳалла раиси ҳудуд раҳбари сифватида барча жараёнларнинг ўртасида бўлишга ҳақли.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“ЯШИЛ МАКОН” лойиҳаси: 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилган

    175 туп қимматбаҳо дарахт қаровсиз қолдирилиб, 1 млрд. 487 млн. сўм зарар келтирган Жорий йил 29 март куни Президент раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил…