Шаҳар ҳудудларида маҳалла раисларининг асосий фаолияти аҳоли бандлиги ва ҳуқуқбузарликни таъминлашдир. Бу борада “Олмос” маҳалласида ўзига хос тажрибалар бор. Шу сабаб ҳудудда бирорта гиёҳвандлик, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари йўқ.
Аввало, жамоатчилик назорати кучайтирилди. Фуқароларга ким, қаерда, қандай ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлса, аҳолини тезкорлик билан хабардор қилиши таъкидланди. Натижа узоқ куттирмади, бир хонадонга ўғриликка тушган фуқаро аҳолининг сергаклиги туфайли тезда қўлга олинди. Бу ҳолат кенг жамоатчилик олдида муҳокама этилиб, тегишли чора кўрилди. Шундан сўнг ҳудудда бирорта жиноятчилик қайд этилмади. Бунда кўча бошиларнинг ўрни алоҳида. Улар кўчасига ким келиб-кетаётганидан доим хабардор. Шу сабаб бир вақтнинг ўзида барча кўчалардаги ҳолатдан хабардор бўлиб бораман.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тикувчилик соҳаси яхши ривожланяпти. Ишсизлар касбга ўқитилиб, зарур асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Хусусан, “Темир дафтар” “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган хотин-қизларга субсидия, дафтарда йўқларга кредит асосида тикув машиналари берилиб, касаначилик билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилди. Шунингдек, 4 та тикувчилик цехи ташкил этилиб, уларнинг ҳар бирида 20-25 нафар хотин-қиз банд.
Республика бўйича олтита маҳалланинг инфраструктураси “Жаҳон тараққиёт банки” томонидан молиялаштирилмоқда. Жумладан, “Олмос” маҳалласида биринчи босқичда ҳар бир кўчага сув тармоқлари тортилиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ишлари олиб бориляпти. Бу жараён 2024 йил июнь ойида тўлиқ якунланиб, ишга туширилади.
Иккинчи босқичда, кўчалар асфальтланиб, тунги ёритқич чироқлари ўрнатилади. Пиёдалар учун йўлаклар қурилади. Учинчи босқичда, ҳудудда боғ, амфитеатр, кафе қурилиб, ер ости қувурлар ётқизилади.
Биргина муаммо, ҳудуддан ўтган канални 20 метр кўтариб, кўприк қуриш керак. Чунки ўқувчилар каналнинг у томонидаги мактабга бориб-келишга қийналишмоқда.
Аҳмаджон МИРЗААБДУЛЛАЕВ,
Янгийўл шаҳридаги “Олмос” маҳалласи раиси.