— Оилавий нозорлар, ажрашишлар ортидан келиб чиқадиган муаммолар ичида энг кўп учрайдигани алимент ундириш билан боғлиқ мурожаат ҳисобланади. Айрим оталар ишсизлиги сабабли, баъҳилар эса, қасддан алимент тўлашни хоҳлашмайди. Бундай ҳолда суд орқали муаммо ҳал этилади. Аммо алимент ундиримшнинг молиявий манбааси бўлмагани учун тўлов кечикиб кетади. Шундай вазиятда алимент суммасини давлат ҳисобилдан тўлаб бериш имкони бор экан. Шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз.
Ҳусниддинн ҲАЙДАРОВ,
Чуст туманидаги “Шоён” маҳалласи раиси.
Аброрбек ЭЪЗОЗХОНОВ,
“Мадад” НТТ ҳуқуқшуноси:
— Ҳукуматнинг “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан ундирилган маблағлар, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқалар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланган.
Низомга кўра, Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) қоплаб бериш(бирйўла ундирувчига тўлаб бериш)га йўналтирилади.
Алимент тўловларини қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади. Тўловлар қарор олинган кундан бошлаб, 2 иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.
Лекин бу билан қарздор алимент тўлаш мажбуриятидан озод бўлмайди. Яъни, қарздорнинг мол-мулки ундирувга қаратилади. Ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса, ижро ҳужжати ва ижро иши юритишда тарафни алмаштириш тўғрисидаги қарори «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасида белгиланган тартибда давлат ижрочисининг қарорига асосан Жамғармага қайтарилади.