— Азалдан маҳалла раислари ҳудуд “оқсоқоли” сифатида кўриб келинган. Шунга кўра, раисларга “оқсоқол” дея мурожаат қилиш одатий ҳолга айланган. Бироқ ҳозирда йиғин раислари орасида аёллар, ёшлар вакиллари ҳам борки, “оқсоқол” жумласи кўп ўринларда аҳамиятини йўқотмоқда. Аввалроқ шу бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилгани айтилганди. Шу ҳақда маълумот берсангиз…
Соҳибжон АКБАРОВ,
Бағдод туманидаги
“Хитой” маҳалласи раиси.
Элмурод ҚАРШИЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— 2023 йил 6 майда Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, қонун ҳужжатларида келтирилган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)” жумласидаги “оқсоқоли” сўзи чиқариб ташланади. Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”даги, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Оила кодексининг тегишли моддаларида келтирилган “оқсоқоли”, “оқсоқоллари” жумлалари эндиликда қўлланилмайди.
Айтиш керакки, мазкур жумла анча вақтдан бери муҳокамалар марказида бўлиб келаётганди. Зеро, авваллари қишлоқ ва маҳалла раислари лавозимига, асосан, ёши улуғ инсонлар номзоди илгари сурилган. Шунга кўра, узоқ йиллардан бери маҳалла раислари “оқсоқол” деб номланиб келинган. Соҳани тартибга солувчи қонунларга ҳам “оқсоқол” тушунчаси киритилган. Бироқ ҳозирги вазият бошқача.
Айни пайтда юртимизда хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштироки тобора ортиб бормоқда. Натижада фуқаролар йиғини раиси лавозимларида кўплаб хотин-қизлар ва ёшлар фаолият юритиб келяпти. Биргина мисол: ўтган йили бўлиб ўтган сайловларда 11,8 фоиз — 1 104 нафар аёл маҳалла раиси бўлди. Қолаверса, раисларнинг қарийб 21 фоизини 40 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этди. Айни ҳолат фуқаролар йиғини раиси лавозимига нисбатан “оқсоқол” тушунчасининг қўлланилиши мантиқан нотўғри эканини кўрсатмоқда.
Шу боис Президент томонидан имзоланган қонун асосида бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, фуқаролар йиғини раиси лавозимига нисбатан қўлланилаётган “оқсоқол” тушунчаси чиқарилиши белгиланди. Яъни бундан буён расмий ҳужжатларда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)” шакли эмас, “Фуқаролар йиғини раиси” шакли қўлланилади. Маҳалла раисларига нисбатан “оқсоқол” сўзи ишлатилмайди.
Юқоридаги қонун бўйича 2023 йил 31 июлда “Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам қабул қилинди. Ҳужжат билан Ҳукуматнинг қатор норматив ҳужжатларидан “оқсоқол” сўзи чиқариб ташланди.