Илгари бу ерларда Тошкент шаҳрини қўриқлаб турадиган қалъа деворлари бўлган. 2001 йил маҳаллаларни қайта номлаш жараёнида мазкур йиғинга тарихий “Эски қалъа” номи берилди.
Ҳудудда Зангиота зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, зиёратгоҳ ҳудуди тубдан қайта реконструкция қилингач, бу ерга келувчи зиёратчилар сони йилдан-йилга ортиб боряпти. Эътиборлиси, бунёдкорлик ишлари нафақат зиёратгоҳнинг ўзида, балки унинг ён-атрофида амалга оширилди…
Аҳоли “хонадонбай” ўрганилганда 5 та ўсиш нуқтаси аниқланди. Шу ўсиш нуқталарини ривожлантириш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Биринчиси, маҳалла зиёрат туризм манзилларидан бири бўлгани учун хонадонларда меҳмон уйларини кўпайтириш белгиланган. Бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, хонадонларнинг қиёфасини миллий услубда сақлашга ҳаракат қилинмоқда. Ҳозир 16 та меҳмон уйлари, битта меҳмонхона, 27 та ҳунарманд хонадонлар бор. Йиғинда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Иккинчи ўсиш нуқтаси касаначилик. 60 фоиз хонадонда тикув машиналари бор. Уйда ўтирган хотин-қизлар фарзанд тарбияси билан бирга, буюртма асосида тикувчилик билан шуғулланмоқда. 10 фоизи турли ўйинчоқ машиналар, қўғирчоқлар ясашади. Ҳозирда 4 та тикувчилик, 1 та мебель цехи фаолият юритмоқда.
Учинчиси, томорқачилик. “Бир кўча – бир маҳсулот” тамойили асосида хонадонларда мавсумга қараб, турли полиз маҳсулотлари экилади. Айни пайтда салат барги ва турли кўкатлар парваришланмоқда. Баҳордан булғор қалампири, помидор… экиш ишлари давом этади. Бундан ташқари, ғалла майдонларидан бўшаган ер майдонларида 100 дан ортиқ хўжалик такрорий экин сифатида қулупнай, картошка, помидор экишди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 11 нафар фуқаро аукцион орқали ер олишди.
Тўртинчиси, иссиқхона. Ҳозир 76 та хонадонда иссиқхона бор. Уларда, асосан, сабзавот маҳсулотлари – қизил лавлаги, салат барги, помидор, бодринг етиштирилмоқда.
Бешинчи ўсиш нуқтаси чорвачилик. Маҳалладаги 40 фоиз хонадонда чорва моллари боқилади. Шу ернинг ўзида сут ва сут маҳсулотлари тайёрланади. Шунингдек, қўшимча тарзда товуқ, қуён боқишаётганар бор. Масалан, Абдулла Маҳмудов 5 та қуённи 2000 тага етказди…
Шу соҳада 23 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, бу ишларнинг барчасида нуронийларнинг ташаббуси, жонбозлиги алоҳида ҳурмат-эътиборга лойиқ. Улар халқни бирлаштиришда, ташаббускор бўлишда катта ёрдам беряпти. “Ташаббус бюджет” лойиҳаси орқали 16 километр ички кўчалар асфальтланди. Маҳаллага тўлиқ ичимлик сув тармоқлари тортилди, тез кунда ҳар бир хонадонга тоза ичимлик сув кириб боради. Келгусида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ва аҳоли кўмагида 200 та таъмирталаб симёғочларни бетон устунларга алмаштириб, 3 та трансформатор ўрнатилади. Кўча чироқлари ва камералар қўйилади. Маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун махсус машина харид қилинади…
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида бўш жойларга 300 туп мевали кўчатлар экилди. Маҳалла идораси қошидаги бўш ерга экилган атиргул ва узум қаламчалари аҳолига тарқатилди. Қувонарлиси, ўтган йили водийдан олиб келиб экилган узумлар бу йил ҳосилга кирди.
Хуллас, ҳар бир иш маҳалла аҳли билан бамаслаҳатда ҳал этиб келинмоқда.
Наргиза АҲМЕДОВА,
Зангиота туманидаги “Эски қалъа” маҳалласи раиси.