Маҳалла Зангиота зиёратгоҳига яқин ҳудудда жойлашган бўлиб, 518 та хонадон бор. Аҳолининг 20-30 фоизи “Бек-барака” савдо мажмуасида савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш ишлари билан шуғулланишади. Ўз навбатида, бозор яқин бўлгач, ишлаб чиқариш ҳам ривожланади.
Хонадонларда 18 та турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехлари бўлиб, уларда ўнлаб хотин-қизлар банд бўлиб, рўзғорига қўшимча даромад келтиришяпти.
Маҳалланинг яна бир “драйвери” – деҳқончилик, боғдорчилик. Йигирма гектарга яқин узумзор бор. Турли мевали боғлар мавжуд. Йиғинда 5 гектар инновацион, 3 гектар оддий иссиқхона бўлиб, уларда помидор, бодринг экилиб, халқимиз дастурхонига етказилмоқда. Бундан ташқари, кўплаб аҳоли хонадонларида қулупнай етиштиради.
Шу вақтга қадар аҳоли артезиан сувларидан фойдаланиб келарди. Президентимизнинг ташаббуси билан аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 12,5 километр сув қувурлари тортилди. 4 кўча асфальтланди.
“Яшил макон” лойиҳаси қизғин давом этмоқда. Олма, олча, ёнғоқ каби мевали ва турли манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Кўчат экишда манфаатдорликни ошириш мақсадида маҳалла ҳудудидан ўтган темир йўл бўйидан аҳоли ва тадбиркорларга шартнома асосида ер тоифаси ўзгартирилмасдан бўлиб берилмоқда. Бири 3,5 сотихга 40 туп олча, гилос, олма меали дарахт кўчатларини, бир тадбиркор сув бўйига 200 туп каштан, мажнунтол ва полвония дарахтларни экди.
Таклиф: маҳаллада бошқа ҳудудларда келиб ишлайдиганлар кўп. Қолаверса, маҳаллага ким келиб кетаётгани, қачон ва қаерда нима содир бўлаётганини билиб туриш учун назорат камераларини кўпроқ ўрнатиш зарур. Шунда кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олинган бўларди.
Қўчқор САЛИМБОЕВ,
Зангиота туманидаги “Гулбоғ” маҳалласи раиси.