546 та хонадон, 845 та оилани ўз ичига олган маҳаллада 3 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб, ҳудуд “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида янгиланмоқда. Аҳолини қийнаб келаётган ташвиш ва муаммолар вилоят ва туман ҳокимлиги, секторлар масъуллари томонидан шу йўсинда ҳал қилиняпти.
Ўтган вақт мобайнида маҳалланинг Тодаре қишлоғида 1,4 километр йўлга цемент-бетон, Сорин қишлоғининг 2 километрга яқин қум ва тупроқ йўлига шағал ётқизилди. Бунгача йўлсозлар 5 та кўчадаги 4 километрдан зиёд йўлни кенгайтириб, асфальтлаганди. Қолаверса, эскириб яроқсиз ҳолга келган электр линияси кабели янгиланиб, Тодаре қишлоғида 20 та симёғоч янги цемент-бетон устунга алмаштирилди, таъмирталаб трансформатор қайта техник кўрикдан ўтказилиб, қўшимча яна битта трансформатор ўрнатилди.
Худди шундай, аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Сорин қишлоғидан қўшни “Арабхона” маҳалласининг Роҳкент қишлоғигача бўлган масофада қарийб 1,5 километрга ичимлик сув қувурини тортиш ишлари шу кунларда якунланади. Демак, яқин ойларда бу ҳудуддаги юздан ортиқ хонадон истеъмолга яроқли оби-ҳаётдан баҳраманд бўлади.
Маҳалла тизимида қарийб йигирма йилдан буён ишлайман. Тизимдаги ўзгаришларни ўз танамда ҳис этиб келяпман. Хусусан, “бешлик” тизимининг йўлга қўйилгани, ундан кутилган натижалар самара беряпти. Ҳар биримиз ўз йўналишимиз бўйича ишлаб, одамлар муаммоларини ҳал этишга уриняпмиз. Бироқ айни шу жиҳатдан ташкилий масалада камчиликлар кўзга ташланиб қоляпти.
Очиғини айтсам, бугун “бешлик”нинг бешта бошлиғи бор, ҳар бири бошқа-бошқа жойдан маош олади. Шунинг учун ўзаро мувофиқликда ишлашда ноаниқликлар бор. Мисол учун, эрталаб йиғин фаолиятига оид қандайдир ташаббусни амалга оширишни ўйлаб ишга келсам, ҳар бир ходим юқори турувчи органлари томонидан берилган топшириқни бажараётганини айтади. Бу вазиятда уларга мен нима дея оламан? Ўзим билдирган ташаббусга мажбурлай олмайман-ку? Улар ҳам ҳақ: қонунчилик асосида белгилаб берган вазифасини бажаряпти. Бироқ бу ўринда ҳамжиҳатлик бўлмаяпти, бир масалани биргаликда ҳал этиш имкони йўқ.
Истардикки, маҳаллага оид ҳар қандай масалага биргаликда ечим топилса, ҳудудда битта раҳбар бўлса ва барчасига у жавобгар саналса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, маҳалла “еттилиги” ташкил этилиб, раислар ваколати кенгайтириляпти. Бироқ ҳали бу тизим тўла ишлаб кетмади, шу боис унинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бирор нарса дея олмайман. Муҳими, “бешлик” тизимидаги камчиликлар қайтарилмаса бўлди…
Авазхон БАВОЕВ,
Вобкент утманидаги
“Гулистон” маҳалласи раиси.