Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида бу қадрият умумхалқ ҳаракатга айланди. Манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш учун ҳар бир вазирлик, ҳокимлик, ташкилот, корхона, маҳаллаларнинг режалари белгилаб берилмоқда. Улар томонидан кўчатлар экиладиган майдонларда боғлар ташкил этиш орқали экологик вазиятга муносиб ҳисса қўшиш устувор вазифа этиб белгиланган. Бунда давлат раҳбари ўзи ташаббускорлик кўрсатмоқда. Ўз навбатида вазирлар, ҳокимлар, ташкилот, корхона раҳбарлари ҳам қўлларига қурол олиб, кўчат экишларини оммага ҳавола этаётганликлари таҳсинга лойиқ.
Мен ижобий ишларимиз билан бир қаторда лойиҳа доирасидаги баъзи камчиликларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўтган йиллар давомида баъзи бошқарма, ташкилот, корхоналар учун ажратилган ер майдонларидаги боғларнинг аҳволига қаровсиз ҳолга келиб қолди. Экилган кўчатлар қуриб кетганига гувоҳ бўласиз. Бунга сабаб аввало, яхши илдиз отмаган ниҳоллар экилган бўлса, яна бир қисм ишлар қўл учида бажарилган. Шунингдек, иссиқ иқлим шароитида сувсизликдан, қаровсизликдан ниҳоллар нобуд бўлиши кузатилмоқда. Кўп ҳолларда эса ижтимоий тармоқлар, телеграм каналларимиз яшил макон бўлиб кетмоқда. Афсуски, баъзи ташкилотлар учун ажратилган боғлардаги дарахтлар қуриб қолган бўлса-да, йил давомида шу ҳолича ташлаб қўйилмоқда. Каштан, арча ва бошқа манзарали дарахтларни синдириб кетилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Аксарият ҳолларда кўчат экиш ишлари шунчаки ўзини кўз-кўз қилишга, ҳисоботбозликка айланиб қолаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Таклифим — ҳисоботларда ёлғон маълумот ва рақамлар акс этмаслиги шарт. Ахир экилмаган кўчатни “экилди” дея ҳисобот бериб, режани бажарсак, табиат ва Яратганнинг ҳузурида қандай жавоб берамиз? Биз учун берилган майдон, чинакам яшилликка бурканиши керак.
Юсуф САЛИМОВ,
Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси маҳалла институтини ривожлантириш ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи.