— Амалдаги тартибга кўра, бола пули “Ижтимоий ҳимоя ягона реейстри” ахборот тизими орқали амалга ошириб келинмоқда. Тан олиш керак, бу тизим нисбатан шаффоф ва адолатли экани исботини топмоқда. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, алимент олаётган, аммо расман никоҳи бекор қилинмаган болаларини ёлғиз тарбиялаётган аёлларга ҳам эрининг даромади ёки мол-мулкини ҳисобга олиб, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этиб келинмоқда. Бу ҳақли эътирозларга сабаб бўлётганди. Маълум бўлишича, шу йўналишда ҳукумат қарори жамоатчилик муҳокамасига қўилиб, айни шу муаммога ечим берилибди. Киритлган янгилик ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.
Муҳиддин МАҲКАМОВ,
Учқўрғон туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари.
Бахриддин ЗИЯДОВ,
Пенсия жамғармаси ахборот хизмати раҳбари:
— Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ушбу ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашда расман никоҳи бекор қилинмаган алимент тўлаётган эр (хотин) оила таркибига киритилмаслиги ҳамда даромади, мол-мулклари нафақа тайинлашда инобатга олинмаслиги белгиланмоқда.
Агар ушбу қарор муҳокамадан ўтиб, кучга кирса, болаларини ёлғиз тарбиялаётган аёллар эрининг даромади ёки мол-мулки ҳисобга олиниб, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилиш ҳолатлари учрамайди.
Тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, тарбиялаш учун оилага қабул қилинган (патронат тартибида) болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, шунингдек, суд қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилган шахслар ёки расман никоҳи бекор қилинмаган алимент тўлаётган эр (хотин) оила таркибига киритилмайди.
Амалдаги тартибга кўра, алимент олаётган, аммо расман никоҳи бекор қилинмаган болаларини ёлғиз тарбиялаётган аёлларга ҳам эрининг даромади ёки мол-мулкини ҳисобга олиб, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этиб келинган.