“Нуробод” маҳалласи Ангрен шаҳридан ажратилиб, Оҳангарон туман марказига айланди-ю гуллаб-яшнай бошлади. Махаллада янги давлат ташкилотлари банк идораларию кўплаб кўп қаватли бинолар, қурилиб фойдаланишга топширилди. Болалар уйингоҳлари, футбол майдони очилди. Ишбилармон тадбиркорлар кредит олишиб, савдо дўконлари, дорихоналар, чойхоналар, сомсахоналар очиб, қизғин иш бошлашди.
Аввал хароба бўлган йўллар асфальтланиб, Оҳангарон шаҳридан маҳалламизга йўналишли транспортлар қатнови йўлга қўйилди. Иттифоқ даврида қурилган кичикроқ ва харобароқ ҳолатдаги поликлиниканинг бугунги қиёфасини танимайсиз. Халқпарвар раҳбарларнинг саъй-ҳаракати натижасида поликлиника замонавий типда таъмирланиб, жиҳозланди. Хайрли ишларга бош-қош бўлиб, иш олиб борган Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Кўп тармоқли марказий поликлиника мудири – бош шифокор Жавлонбек Қодировнинг хизматлари юксак. 150 ўринга мўлжалланган туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникада беморар учну барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Кам таъминланган бемор оилалар учун дори-дармонлар хонаси ташкил қилинган.
“Табиб табиб эмас, бошдан кечирган табиб” деганларидек, мен ҳам бежизга айнан шифохонадаги шароит ва тажрибали шифокорларга ҳақида тўхталмадим. Чунки Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти кўп тармоқли вилоят шифохонасида дардимга даво топмай, айнан мана шу шифохона шифокорлари дардимга малҳам бўлишди. Бу масканда энг сўнгги замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар, бемор учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Ҳозирда 63 нафар олий тоифали шифокор, 500 дан ортиқ ўрта маълумотли тиббиёт ходимлари, 200 дан ортиқ патронаж ҳамширалар ва кичик тиббий ходимлар, ишчи-хизматчилар беморлар дардига дармон бўлмоқда.
Ўразгул ХОЛБОЕВА,
Оҳангарон туманидаги “Нуробод” маҳалласидан.