Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларга ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Буни яхши англаган қуйи тизим раҳбарлари маҳаллага кўмакдош бўляпти. Туман ҳокими ёрдами билан маҳаллада илгари қаровсиз ётган майдонда болалар учун турли аттракцион ўйинлар ҳамда спорт жиҳозлари ўрнатилди. Учта соябонли ўриндиқлар қурилди. Чиройли йўлаклар қурилди. Бундан ёшу қари бирдек хурсанд.
Маҳаллада 9 та кўп қаватли уй бўлиб, ҳар бирида 205 та хонадон истиқомат қилишади. Барча уйларнинг ертўла қисмидаги қувурлар янгиланиб, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. 6 та болалар ўйин майдончалари таъмирланадиган бўлди. Чегарачилар учун қурилган учта кўп қаватли уй олдида учта замонавий болалар майдончаси қурилди.
Кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, тадбиркор Зарифа Нуриддиинова 13-уй ертўласида тикувчилик цехини ташкил этиб, 12 нафар аёлни ишли қилди. Йиғинда “Корзинка”, “Барака” каби супермаркет ва маркетлар филиали очилган бўлиб, уларда кўплаб маҳалла аҳолиси меҳнат қилишмоқда. Ширинликлар цехи ва гўзаллик салонида ҳам хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга. Кўрпа-тўшак, ёстиқ тикаётган оилавий тадбиркорлар бор.
“Аёллар дафтари”да рўйхатда турганларга 1 200 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Бироқ дафтарга киритилган 4-тоифадаги 65 нафар хотин-қизга моддий ёрдам бериш кечикяпти. Агар шу масала тезроқ ҳал этилса, аёлларимиз учун яхши бўларди.
Маҳаллада бирорта жиноятчилик ва ажралишлар йўқ. Бу натижага “маҳалла бешлиги” бамаслаҳат, ҳаётий воқеалардан мисоллар келтириб, таъсирчан шеърлар ўқиб, панду насиҳатлар бериш орқали эришмоқда. Улар ҳар бир натижа “маҳалла бешлиги”га боғлиқ деб билишади.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида бўш ерларга 100 туп шафтоли, олма ва ўрик, яна 100 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди.
Ҳар бир фуқаро ширинсўз ва бир пиёла чой билан кутиб олинадиган маҳалла идорасида ўзига хос файз бор. Тинч ва осудаликнинг таг замири шундадир балки…
Шохида ЮСУПОВА,
Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Жарариқ” маҳалласи раиси.