“Гулшан” маҳалласи 2001 йил “Дашёқ” маҳалласидан ажралиб чиқққан бўлиб, Хива шаҳри ва тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Маҳалла “драйвери” – тадбиркорлик бўлиб, юздан зиёд тадбиркорлар бор.
Аксарияти, савдо-сотиқ ишлари билан банд. Аҳолининг йигирма фоизи “Шукрона” деҳқон бозорида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида меҳнат қилишади. Учта тикув цехи бор. Аввал тўрт нафар одамни ишли қилган чевар аёллардан бири Маърифат Қурбонова тадбиркор фаолиятини кенгайтириб, йигирма иккита иш ўрни яратди. У кўрпа-тўшак ва бошқа буюртма буюмларни тикиб, ёшларга тикувчилик сирларини ўргатмоқда. Алишер Абдуллаев ва Ғафуржон Ниязметов 9-мактаб қошида этикдўз устахонаси ва сартарошхона очиб, даромад олиш билан бирга, ўқувчи-ёшларга ушбу ҳунар сирларидан сабоқ бермоқда. Яна бир ёш – Диёрбек Абдуллаев ота-боболарининг ҳунарини давом эттириб, чўгирма телпагини ишлаб чиқиш фаолиятини қўйиш арафасида.
Ҳозирда “маҳалла бешлиги” “Дашёқ” маданият саройининг иккита хонасида фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, улар учун йиғин ҳудудида янги маҳалла идораси қурилмоқда. Кластер ҳомийлигида бунёд этилаётган бинода маҳалла ходимлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Тез орада фойдаланишга топширилиши режалаштирилган маҳалла идораси аҳоли учун ўзига хос туҳфа бўлади.
Йиғин ҳудудида жойлашган “Дашёқ” маданият саройида санъат ихлосмандлари учун барча санъат йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда нафақат гулшанлик ёшлар, балки қўшни маҳаллалардан, ҳатто, Хива шаҳридан қатнаётган 250 нафарга яқин жажжи болажонлар санъат турларидан билим олишмоқда.
Ҳудудда газ, электр энергияси ва ичимлк сувдан муаммо йўқ. Бешта ички кўчанинг тўрттаси асфальтланди…
Баҳром АТАБОЕВ,
Хива туманидаги “Гулшан” маҳалласи раиси.