— Маълумки, маҳалладаги “Ёшлар етакчиси” тавсияси асосида, йигит-қизларга тадбиркорлик йўналишидаги фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредит ҳамда субсидия ажратилиши белгиланган. Бизнинг маҳалладаги кўплаб ёшлар ҳам субсидия асосида асбоб-ускуна сотиб олмоқда. Айтингчи, субсидия олган талабгорлар субсидия маблағини ўзи хоҳлаган йўналишларда ҳам фойдаланса бўладими?
Мирзоҳид ПАЙЗИЕВ,
Косонсой туманидаги “Булоқбоши” маҳалласи раиси.
Нодирбек АБДУҚОДИРОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари:
— Дарҳақиқат, қонунчиликда тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини сотиб олиш учун БҲМнинг 40 бараваригача субсидия ажратилиши кўрсатилган. Аммо бунда талабгор “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган бўлиши лозим. Агар ҳужжатлар барча талабларга мос келса, ҳоким ёрдамчиси тавсия асосида белгиланган маблағ учун тавсия берилади.
Бундай асбоб-ускуналарга мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, перфоратор, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси, дурадгорлик, чилангарлик ускунаси, қурилиш ускунаси, компьютер жамланмаси ва бошқалар киради. Эътибор берганингиздек, маблағни тавсия этилган йўналишлар учун мақсадли сарфлаш кўзда тутилган.
Субсидия олиш учун ёшлар ариза билан туман(шаҳар) ёшлар бўлимига асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларининг тури, миқдори, товарнинг маркаси, тахминий нархи тўғрисидаги маълумотларни бериши керак. Мазкур ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига юборилади. Ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида субсидия ажратиш ҳақидаги тавсияни ёки рад этиш тўғрисидаги хабарномани ёшлар ишлари бўлимига юборади. Субсидия ажратиш рад этилганда, унинг сабаблари аниқ келтирилиши шарт.
Ҳоким ёрдамчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан субсидия бериши мумкин.
Субсидия ажратиш маъқулланса, Ёшлар ишлари бўлими асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини сотиб олади ва уни ариза берган ёшларга етказади.