Маҳалламиз туман марказидан қарийб 100 километр олисда жойлашган. Бу ерда 984 та оилада 3 500 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Тоғли ҳудуд бўлгани учун асосий тирикчилик манбаи — чорвачилик ва деҳқончилик. Ушбу йўналишларда тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган хонадон эгаларига паррандачилик, чорвачилик, иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиляпти.
Айтиш керакки, Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Боботоғ чинакам бунёдкорлик майдонига айланди. Ҳудуддаги қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, 16 минг нафардан зиёд аҳолининг обод турмуш кечириши, фаровон яшаши, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароит яратилаётир.
Президент қарорига кўра, 2024 йилнинг 1 январига қадар янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кластер ташкилотлари, жисмоний шахслар солиқларнинг 50 фоизини тўлашдан озод қилинган. Ҳудудда туну кун хизмат кўрсатувчи навбатчи ҳамширалик гуруҳи ташкил этилган, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, келгуси уч ўқув йили давомида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, ОТМларда б боботоғликлар учун қўшимча махсус квоталар ажратилиши белгиланган. Бундай имтиёздан ҳудуд ёшлари самарали фойдаланяпти.
Шу билан бирга, бунёдкорлик ишлари доирасида “Оқмачит” маҳалласи учун янги бино бунёд этилгани “маҳалла еттилиги”нинг тизимли фаолият юритишига хизмат қилади. Қолаверса, мактаб, мактабгача таълим муассасалари барпо этилиб, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун зарур қулайлик яратилди. Мактабда ЮНИСЕФ кўмагида сайёр тикувчилик цехи, тайёрлов гуруҳлари ва кутубхона ташкил этилган. Шу билан бирга, тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси ривожлантирилиб, ичимлик ва оқова сув муаммолари ҳал бўлмоқда. Янги ерлар ўзлаштирилиб, деҳқончилик учун замин ҳозирланаётир.
Шу ўринда куни кеча Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилиниши қайд этилгани айни кўнглимиздаги ташаббус бўлганини айтиб ўтишим керак. Бу — ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади, дегани. Ҳозирдан режалар тузяпмиз, бу маблағларни маҳаллада иш ўрни яратадиган, аҳолининг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларга йўналтирмоқчимиз. Қолаверса, янги тизим бўйича маҳалла раисларининг ўқитилиши йўлга қўйилса, маблағлардан самарали фойдаланиш имкониятимиз янада ошарди.
Тожиддин ҒУЛОМОВ,
Узун туманидаги
“Оқмачит” маҳалласи раиси.