Маҳаллаларга хизмат юзасидан борганимда аксар ҳолларда маҳалла раиси хатловга кетганига гувоҳ бўламан. Шунда хатлов йил давомида бўладими, — деган фикр ўтади. Майли хатлов қилишсин, аммо баъзи хонадонларда ким яшаш-яшамаслигини маҳалла раисидан тортиб, профилактика инспектори ҳам билмайди. Фуқаро яшамайди, дейилган хонадонга кечаси чумолидек одамлар кириб-чиқиб, юмушини бажариб кетади.
Ҳозирда шаҳардаги кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш одатга айланди. Лекин ўша инсон бу уйда доимий яшамайди, ижарага бериб қўйган. Шундай ҳолатлар кузатиляптики, кўп қаватли уйнинг 7-ёки 12-қаватида фуқаро истиқомат қилмаса-да, қўни-қўшнилар, одамларнинг нигоҳидан панада кечалари кимлардир келиб, кетади. Кўп ҳолларда бефарқлик сабаб, бегона кимсани кўришса-да, фуқаролар тўхтатиб, сўроққа тутишмайди. Бу каби эътиборсизлик турли кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Ибрат учун мана шу воқеани ҳавола этаяпман.
Жорий йил 16 июнь куни Самарқанд шаҳар, “Алишер Навоий” номидаги маҳалладаги 59-умумий ҳовлида соат 1.00 ларда 1986 йилда туғилган фуқаро Жўрабек Абулфайзов 3 нафар фарзандларини қасддан ўлдирган. Ваҳоланки, фуқаро бу маҳаллада доимий рўйхатда турмайди. Аслида “Ғафур Ғулом” номидаги маҳаллада доимий рўйхатда туради. Юқоридаги 59-умумий ҳовли унинг турмуш ўртоғи Г.Зикированинг синглиси Амира Зикирова номига расмийлаштирилган. Шу вақтга қадар уйда ҳеч ким истиқомат қилмаган. А.Зикирова Самарқанд туманидаги “Гулобод” маҳалласида доимий яшайди. Ж.Абулфайзов 59-уйда қайинсинглиси Амира Зикирова билан келишган ҳолда 3 нафар фарзанди билан вақтинча истиқомат қилган. Маҳалла томонидан хатлов жараёнида эса фарзандлари билан мазкур уйда вақтинча яшаши аниқланмаган. Бир неча бор мазкур уйга борилганда, фуқаролар яшамаслиги қайд этилган. Лекин, хатловда 59-умумий ҳовлида фуқаролар яшамаслиги аниқлансада, ўта оғир жиноят содир этилган. Сабаби, маҳалла раиси, кўчабошилар, айниқса, профилактика инспекторлари хонадонларга мунтазам кириб-чиқиб, уйда ким доимий яшайди, ким ижарада туради, ким тунаб келиб-кетаётганлиги бўйича назорат ишларини ташкил этишлари шарт.
Маълумки, шаҳарлардаги марказий маҳаллаларда бошқа маҳаллалар, туманлар ҳатто, бошқа вилоятлардан фуқаролар хонадон эгалари билан келишган ҳолда вақтинча яшаш учун ижара туришади. Бу каби ҳолатлардан маҳалла, профилактика инспектори хабардор бўлмаса, назорат қилмаса, шу каби кўнгилсиз ҳолатлар учрайвериши табиий. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар кузатилганда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан маҳалла раислари жиноятга шарт-шароит яратганликда айбланиб, жавобгар бўлиб қолмоқда.
Юсуф САЛИМОВ,
Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси маҳалла институтини ривожлантириш ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи.