Ўтган икки ярим йиллик тажрибадан келиб чиқиб, айтаманки, ҳоким ёрдамчиси авваламбор, тадбиркор, уддабурон ва муаммодан қочмайдиган бўлса, одамларнинг ишончига кира оларкан. Бунинг учун ўзига ишониши, низомий вазифаларини бекаму кўст адо этиши учун бор салоҳиятини бағишлаши даркорлигини ҳис қилдим.
Маҳалламизда 4 730 нафар аҳоли яшаса, жорий йил хатловда уларнинг 38 нафари ишсиз сифатида рўйхатга олинганди. Хатлов натижасига кўра, олдимга бир қанча режалар белгиладим. Энг асосийси, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш эди. Босқичма-босқич олдимга қўйган мақсадимга етяпман. Жумладан, ишсиз фуқароларнинг 32 нафари рўйхатдан чиқарилди. 22 нафарига узоқ муддат фойдаланиш учун ер ажратилган бўлса, 8 нафарига имтиёзли кредит, 2 нафарига субсидия берилди. Маҳалладаги бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилишга ҳаракат қиляпман.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бунинг учун кредит олишда кўмаклашиш, маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредит ажратишни ташкил этишга алоҳида эътибор беряпман.
Шу йилнинг ўзида 25 нафар тадбиркорга 700 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит ажратилишига эришдим. Томорқадан унумли фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашдим. Натижада ўтган даврда маҳалламизда тадбиркорлар сафи ортиб, 10 нафарга етди. Аҳолининг 1 480 нафари доимий ва 120 нафари мавсумий иш билан таъминланди. 130 нафар ёшлар ва аёллар ўқув курсларига йўналтирилди. Бугун маҳалламизда камбағал хонадонлар деярли қолмади.
Ҳудудимизда ҳунармандчилик, боғдорчилик соҳалари янада ривожланиб, 130 та оила ўзини ўзи банд қилди. Фаоллар билан ҳамжиҳатликда маҳалламизда илғор тажрибаларни қўллашга интиляпмиз. “Сайхунобод тажрибаси”ни қўллаётган хонадонлар даромади тобора ошиб бораётганини биргина оила мисолида таҳлил қилиб берай.
Сардоба кўчаси, 111-уйда яшовчи Сиддиқжон Тошболтаев хонадонида ота-она, ака-ука, фарзандлар бўлиб, жами 12 нафар киши яшайди. Томорқа майдони 28 сотихдан иборат бўлиб, экин экиладиган қисмида турли навли узум етиштирилади. Сайхунобод ва Уйчи тумани намунаси асосида ушбу хонадон танлаб олингани бежиз эмас. Чунки бу хонадон эгалари илгари фақат узумчилик билан шуғулланарди. Энди бешта йўналишда даромад олишига имкон яратилди. Новвойчилик, асаларичилик, паррандачилик, қуёнчилик, юк ташиш хизмати ва яна биогумус тайёрлаш бўйича иш ташкил этилди. Бунинг учун “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида “Халқ банки” туман бўлими томонидан 57 миллион сўм кредит ажратилди. Имтиёзли кредит асосида 8 та тандир, 4 та асалари оиласи, 30 дона парранда, мотороллер ҳамда ҳомийлик ҳисобидан 5 дона қуён олиб келинди.
Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, хонадон аҳли 8 та тандирда ўртача бир кунда 100 дона патир ёпса, нархи 25 минг сўм бўлса, бир йилда 36,5 минг дона нон ёпади. Паррандадан (қора товуқ) бир кунда ўртача 20-25 дона тухум олса, бир дона тухумнинг нархи 2 минг сўм. Бу, бир йилда 8 125 дона тухум, дегани. Бир йилда ўртача бир қути асаларидан 15 килограмм, жами 60 килограмм асал етиштирилади. Қуёнчиликдан йилда ўртача бир дона қуён 28 тагача кўпайишини ҳисобга олганда, бир дона қуёндан 200 минг сўмдан даромад бор. Мотороллер нонларни манзилга тез ва сифатли ҳамда йўл ҳақи тежалган ҳолда етказмоқда. Бу, маҳсулот таннархи пасайишига ёрдам бермоқда. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, хонадоннинг йиллик жами даромади тахминан 700-800 миллион сўмни, соф даромад 240 миллион сўмни ташкил этяпти. Муҳими, хонадондаги барча даромадли меҳнат билан банд. Қўшимчасига новвойчилик йўналишида 5 нафар қўшнилар банд қилинган. Маҳаллада ҳамма ўз ишини билиб қилади, аҳилликда эса барака бўлади.
Гувоҳ бўлганингиздек, “Сайхунобод тажрибаси”ни ҳар бир хонадонга олиб кира олсак, меҳнаткаш одамлар интилиши, тупроғи зар еримиз саховатидан ишсиз, камбағал одамлар қолмайди. Ҳар бир хонадон аҳли тадбиркорлик ортидан тўкис яшаш учун етарли даромадга эга бўлади. Бу борада хонадонлардаги, маҳалладаги қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳаракатимизга боғлиқ. Маҳалла аҳлини тадбиркорлик, ишбилармонликка ўргатиш учун аввал ўзимиз шу сифатларга эга бўлишимиз лозим.
Бахтиёр ТАНИҚУЛОВ,
Қўштепа туманидаги
“Қийқи” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.