Варганза деса, табиийки, биринчи галда хаёлга анор келади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Варганза қишлоғи Ўзбекистондаги анорчиликда машҳур уч ҳудуддан бири ҳисобланади. Қолаверса, Варганза анори ўзига хос, бошқаларни такрорламайди, донаси йириклиги, мазали таъми билан донғи чиққан. Бу борада Дашнобод ва Қува анорлари билан беллашса беллашадики, ҳеч бир жиҳатдан қолишмайди.
Бугунги кунда Варганзада 1000 гектардан кўпроқ анорзор бўлиб, анорчилик 1300 га яқин хонадонда асосий машғулот саналади. Ушбу соҳа сўзсиз Варганзанинг иқтисодий “драйвери”дир. Асосий даромад манбаи бўлгандан кейин анорчиликка шунчаки қўл учида қарай олмаймиз. Каттадан тортиб кичикгача — барча ўз ишининг устаси. Ҳудудда анор ўстирмайдиган хонадон йўқ. Ҳар мавсумда Варганзада 5,5-6 минг тонна анор етиштирилади. Ярмини ички бозорга берсак, қолгани чет эл мамлакатларига жўнатилади. Айниқса, 2019 йилда анор фестивали бўлиб ўтгани, Варганза қишлоғига Ўзбекистондаги илк агротуризм қишлоғи мақоми берилгани дунё бозорларга чиқишига катта йўл очди.
Бизда анорнинг 3-4 хил нави парваришланади. Улфи анорнинг пўсти юпқа, серсув бўлади. Бедонак анор ҳам анча харидоргир. Қора дона аноримиз эса хорижда машҳур. Бундай анорнинг пўсти қалин бўлгани учун узоқ вақт яхши сақланади. Булар ҳаммаси маҳаллий, шароитимизга мослашган навлар, айтарли бошқа жойда учратмайсиз.
Яна бир жиҳати, варганзаликлар анорни махсус совуткичларда эмас, балки ўзига хос архитектурага эга омборхоналарда табиий шароитда сақлашни маъқул кўришади. Шундай қилинса, маҳсулот сифатига путур етмайди, узоқ вақт яхши сақланади. Бу орқали Варганза аҳли ҳар йил март ойигача бозорни анор билан узлуксиз таъминлай олади.
Ҳозир анор буталарини кўмиш учун энг қулай вақт. Чунки бу вақтда анор дарахти танасида сув бўлиб, яхши эгилади ва синмайди. Уни қанчалик сифатли кўмсангиз, буталар қиш бўйи шунчалик ишончли сақланади. Баҳор келиб, кунлар қизий бошлагач эса, у ўз вақтида очилиши шарт. Агар озгина кечиксангиз ҳам, бу бутанинг ривожига, гуллашига салбий таъсир ўтказади. Шунингдек, ерни ўз вақтида озиқлантириб, сувини берсангиз, бунинг натижаси олинажак ҳосилда намоён бўлади.
Варганзада қайси анорчи билан сўзлашманг, дарди-ўйи бир: яна қўшимча ер бўлсаю, анорзор барпо этса. Аҳамиятлиси, яқин истиқбол учун бунинг чораси кўриляпти. Лалми ерлардан анорзор учун 500 гектар майдон ажратилган. Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида ушбу ҳудудга сув чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини ташкил қилиш режалаштирилган. Янги ўзлаштирилажак ер 25 сотихдан аҳоли хонадонларига деҳқон хўжалиги қилиб берилиши эса оилаларнинг даромади чўғига ижобий таъсир этиши тайин.
Баҳодир МАҲМАДИЕВ,
Китоб туманидаги
“Варганза” МФЙ раиси.