Маҳалламиздаги хонадонларда ҳозирда мебелсозлик ва ёғочсозлик билан шуғулланаётган саксонга яқин тадбиркорлик субъекти мавжуд. Уларнинг йигирмадан ортиғи масъулияти чекланган жамияти шаклидаги кичик корхонага асос солган. Ҳудудда бирорта бекорчи кишини учратмайсиз. Ҳамма “устоз-шогирд”, оилавий анъаналарга кўра, юқоридаги соҳаларда банд.
Шу билан бирга, ҳудуддаги бўш турган 1,8 гектар майдонда “Охших” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Мазкур мебелсозлик ҳудудида йигирмага яқин устахона, мебель ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади. Агар ҳар бир кичик корхонада ўртача 10 нафар уста дурадгор ишлаётганини назарда тутсак, кичик саноат зонаси орқали 150 нафардан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш имконияти бўлади. Айни кунда бу ерда қурилиш, жиҳозлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Маҳалла тизимидаги кўп йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб, соҳага оид айрим фикрларимни билдирмоқчиман.
Биринчи масала — ходимлар билан боғлиқ. Эндиликда маҳаллаларда “еттилик” фаолияти йўлга қўйилади. Маҳалла раисидан ташқари, бошқа ходимлар “ARGOS” тизимида сараланиб, лавозимига тайинланади. Бунда саралашдан ўтганлар ҳар доим ҳам айнан шу маҳалланинг ўзида яшовчилар бўлмайди. Яъни, ўзи бошқа ҳудудда яшайди, лекин бизнинг маҳаллага келиб ишлайди. Истардикки, маҳаллага ходимлар саралашдан ўтаётганда шу ҳудуддан бўлишига эътибор қаратиш керак. Йўқса, улар маҳалладаги кимнинг қандайлигини билгунча, кимга ҳақиқатда ёрдам бериш кераклигини аниқлагунча анча вақт ўтиб кетяпти.
Иккинчи масала — ижтимоий нафақаларга тегишли. Амалдаги тартибга кўра, оиланинг иқтисодий ҳолати нафақа тайинлаш учун ариза берган санадаги даромадлари ва мол-мулкидан келиб чиқиб баҳоланади. Бунда нафақа тайинлангандан сўнг иқтисодий ҳолати яхшиланса, мисол учун, юқори даромад олишни бошласа, автомашина ёки кўчмас мулк харид қилса, нафақа тўлови 12 ой муддат якунига қадар тўланиши белгиланган. Бундан ташқари, айрим ҳолларда фуқаролар ўзлари фойдаланиб турган автомобиль ёки кўчмас мулкларини бошқа фуқаро номига расмийлаштириб, нафақа олиш ҳолатлари мавжуд. Таклифим шундан иборатки, нафақа тайинланган оилаларнинг ҳолати ойлик ёки чораклик кесимда мониторинг қилиниши керак. Агар шароити яхшиланса ёки нафақа нотўғри тайинлангани аниқланса, ўша ойнинг ўзидан тўловларни тўхтатиш тартиби белгиланиши керак.
Учинчи масала — раислар ваколатини ҳақида. Ҳозирдаги маҳалладаги “бешлик” фаолиятини раис мувофиқлаштирса-да, амалда унда ҳеч қандай ваколат йўқ. Мисол учун, ходимларнинг ҳар бири юқори турувчи ташкилотига ҳисобот беради, уларнинг топшириқларини бажаради. Ҳатто ходимларнинг меҳнат таътилигига чиқишини юқори турувчи ташкилоти белгилайди. Бироқ нимадир хато кетса, “қарамагансан, назорат қилмагансан” дея калтак яна маҳалла раисининг бошида синади. Истардикки, маҳалла ходимига оид қарор қабул қилишда йиғин раислари фикри, тавсияси инобатга олиниши керак. Шунда ходим бир ой йўқ бўлиб кетиб, кейин ҳеч нима бўлмагандай “таътилда эдим” дея ишга чиқавериши камаярди, раислар ҳам емаган сомсасига пул тўлашдан қутиларди.
Низомжон ҒАНИЕВ,
Жондор туманидаги
“Охших” маҳалласи раиси.