Таркибида Ғовшун, Наврўзобод ва Қуйиқирғизлар қишлоқларини ўзида бирлаштирган маҳаллада 900 тага яқин оила ва уларда 3 500 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Очиғи, шу кунга қадар аҳолининг ижтимоий ташвиш-муаммоларини ўрганиб, мурожаатларига тизимли ечим топиш ишларида ташкилий, моддий-техник жиҳатдан қийинчиликка дуч келардик. Негаки, аввалги почта биносининг кўримсиз биргина хонасида тору танг шароитда иш юритишга мажбур эдик. Ниҳоят, туман марказидаги стадион олдидан 2,5 сотих ер майдони ажратилиб, маҳалла идораси учун алоҳида иншоот қуриб берилди. Бу ерда маҳалла масъуллари учун алоҳида хоналар, мажлислар залидан тортиб, иссиқлик тармоғигача шай қилинди. Ҳомийлик асосида жиҳозланган идора биноси томига муқобил энергия манбаи — қуёш панели ўрнатилди.
Фақат бугина эмас. Жорий йил бошидан шу кунгача Наврўз кўчасидаги спорт мактаб-интернати янги ва замонавий бинога эга бўлди. Ҳудуддаги 49-сонли умумтаълим мактаби мукаммал таъмирдан чиқарилди. Аҳоли талабига мувофиқ, Ғовшун ва Наврўзобод кўчаларида 4,5 километр йўл қисмига шағал ётқизилиб, кўчанинг бир қисмига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Рисоладагидек кўринишга келтирилган йўлнинг 1,5 километр қисми асфальт қилинди. Барча хонадонлар тоза ичимлик сув билан тўлиқ таъминланиб, томорқа ерлари учун бир пайтлар фойдаланилган тик қудуқ қайта таъмирланди. Биргина гидроиншоот воситасида энди юз гектарга яқин экин ерини суғориш имконияти мавжуд.
Электр энергияси тақчиллигини олдини олиш мақсадида ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларига қуёш панелини ўрнатиш ишлари аллақачон бошланган. Масалан, мактаб, спорт-интернати иншооти, 61-сонли оилавий поликлиникага 25 киловатт соат қувватга эга қуёш панели ўрнатилган бўлса, аҳоли хонадонларидан Фаррух Ғафуров, Одил Сулаймонов, ака-ука Умид ва Учқун Шокировлар оилалари муқобил энергия манбаига эга бўлди.
Фуқаролар йиғини фаолияти ҳақида сўз юритсам, очиғи, Президент ташаббуси билан “еттилик” тизими ташкил этилаётгани оғиримизни енгил қилади. Боиси айнан ижтимоий ёрдам ва солиқ билан боғлиқ масалаларда айрим тушунмовчиликлар бор эди. Қолаверса, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмай, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилиниши, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилиши кўнглимиздаги иш бўлди. Бу каби ишлар маҳалланинг нуфузини оширибгина қолмай, эндиликда икки баравар куч билан ишлаш масъулиятини ҳам юклайди. Ўйлайманки, “еттилик” билан ҳамжиҳатликда барча масалаларни ҳал қиламиз.
Бобир РАВШАНОВ,
Ғиждувон туманидаги
“Ғовшун” маҳалласи раиси.