“Жарқишлоқ” маҳалласи Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда, тоғ-ёнбағрида жойлашган. Маҳалланинг асосий “драйвери” узумчилик. Фермер хўжаликлари билан ҳисоблаганда 1001 гектар узум майдони бор. Афсуски, бу йил аномал совуқ сабаб бободеҳқонлар даромадсиз, аҳоли узумсиз қолди.
Узумларни суғориш ҳам йилдан-йилга қийинлашиб кетмоқда. Тўрт йил олдин ер ости сувлари 30 метр бўлган бўлса, ҳозир 40-50 метргача пайсайиб кетди. Неча йилки “Дарғон-1” насос станцияси сув чиқармай қўйган. Йиғин ҳудудидаги иккита сув минорасининг бири 5 йилдан, яна бири 2 йилдан буён ишламаяпти. Шунга қарамай, аҳоли бор имкониятдан фойдаланмоқда. Ўзаро бирлашиб, артезиан қудуқлари қазиб, сув чиқаришмоқда.
Бугун жарқишлоқликлар яхши ишласа, яхши яшашни англаб етди. Тадбиркорлик, касаначилик ривожланмоқда. Шу кунгача ҳоким ёрдамчиси кўмагида аҳолига 4,5 миллиард сўм кредит ажратилди. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари кўпайиб, аҳолига қулайликлар яратилмоқда.
Юздан ортиқ аҳоли “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ишлашмоқда. Уларнинг ишга бориб-келишлари учун махсус автобуслар йўлга қўйилган. 400 нафардан ортиқ хотин-қизлар касаначилик билан шуғулланишмоқда. Улар ўз хонадонларида “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркорлар буюртмаси асосида чопон (тўн) тикишади. Хориждан қайтиб, ишсиз қолган аҳоли “Ургут” эркин иқтисодий зонасига ишга жойлаштирилмоқда.
2017 йил қурилган замонавий маҳалла идорасида ходимлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Икки қаватли янги, спорт зали билан, яна битта 200 ўринли мактаб қурилди. Иккита тўйхона аҳолининг яхши кунларида хизматда.
2022 йил охири, 2023 йил бошида маҳалла “оғир ҳудуд” тоифасига киритилиб, 3 200 метр ички йўллар асфальтланди, 5 трансформатор ва 153 та бетон-устунлар ўрнатилди. Ҳозирда қурувчи-ҳомийлар томонидан 1 миллиард 300 миллион сўмлик қишлоқ врачлик пункти қурилмоқда.
Аҳолини қийнаётган муаммолардан бири, йиғин ҳудудидаги 4-5 километр ички йўлларни шағаллаштириш керак. Бунинг учун зарур техника ва ёқилғи бўлса бас, қум-шағал карьери, ишчи кучи ҳудуднинг ўзидан чиқади.
Дилмурод ЭГАМОВ,
Ургут туманидаги “Жарқишлоқ” маҳалласи раиси.