Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

Диёра КЕЛДИЁРОВА: “Маҳалладошлар дуоси менга ишонч, куч берди”

 

 

Шахсан Президентнинг ўзи Олимпиада ўйинлари чемпионларини ўша куннинг ўзидаёқ телефон орқали табриклаши олдин кузатилмаган эди…

Ўзбек аёл спортчилари шу вақтгача тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида ҳали ғолиб бўлмаганди…

Дзюдо бўйича бугунгача қанчадан-қанча маҳоратли атлетларимиз Олимпиада баҳсларида иштирок этган бўлса-да, бу спорт турида олтин медаль қўлга киритилмаган эди…

Юқоридагилар — Парижда давом этаётган ёзги Олимпиада ўйинларида дзюдо бўйича ғолибликни қўлга киритган Диёра Келдиёрованинг ғалабаси нақадар катта аҳамиятга эга бўлганини англатади. Шу вақтгача Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ва Ислом бирдамлиги ўйинларининг олтин медалига эга чиққан Диёра эндиликда улар сафига Олимпиаданинг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди. Шунингдек, у Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.

МАЪЛУМОТ УЧУН: Диёра Келдиёрова 1998 йилда Пастдарғом туманидаги “Пўлатчи” маҳалласида туғилган. 20 йилдан буён дзюдо билан шуғулланади. 6 ёшида Хуршида Холиқова мураббийлигида мазкур спорт тури машғулотларида қатнаша бошлаган ва 12 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2013 йилда миллий терма жамоага қабул қилинган.

Олимпиада ўйинларида Диёранинг чемпионлик йўли осон кечмади. У бу йўлда дастлаб япониялик Олимпиада ва тўрт карра жаҳон чемпиони Ута Абенинг 5 йиллик мағлубиятсиз сериясига барҳам берди, чорак финалда германиялик Маша Балҳаусни, ярим финалда мезбонларнинг биринчи рақамли спортчиси, Олимпия ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Амандин Бушарни, финалда “Токио-2020” ёзги Олимпия ўйинларининг чемпиони косоволик Дистрия Красничини мағлубиятга учратди.

Президент биринчилардан бўлиб табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Диёра Келдиёровани Олимпиада чемпионлиги билан табриклаб, ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирди.

“Сиздек жасоратли, матонатли, фидойи қизим борлигидан ғурурланаман. Камдан-кам бўладиган ғалаба бўлди. Дунё қойил қолди. Ўзбекистон обрўсини жуда кўтардингиз, раҳмат қизим. Ғалабангиз ўзбек аёли, менинг севимли қизларим нималарга қодир эканини дунёга намойиш этди… Бу ҳали ҳаётингизда катта-катта ғалабаларнинг бошланиши бўлиши керак. Тарихдаги буюк боболаримизга, оналаримизга муносиб бўлиб, жаҳонда номингизни қолдиришда қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Лекин меҳнат, жасорат ўзингиздан, қизим”, — деди давлатимиз раҳбари чемпион билан телефон орқали мулоқот чоғида.

“Қизимиз юзимизни ёруғ қилди”

Ҳар бир ота-она фарзандининг ютуқларидан фахрланади, “Сенга тарбия берган ота-онангга раҳмат”, деган сўзларни эшитганда ғурур туяди.

— Қизим иштирок этган ҳар бир мусобақани ҳаяжон билан кузатамиз, — дейди чемпионнинг онаси Дилором Шарипова. — Ёшлигидан “Чемпион бўламан, телевизорда кўрсатишади, бутун Ўзбекистон мени олқишлайди”, дер эди. Мана, азалий рақиби, бир неча йилдан буён ғалабани бермай келаётган япониялик Ута Абе ва яна бир нечта номдор спортчиларни доғда қолдириб, ниятига етди — юртимиз байроғини баланд кўтариб, Олимпиада чемпиони бўлди. Қизимнинг ютуқларидан фахрланаман.

— Неча кундан буён телефонимиз тинмайди, хонадонимизга келиб табрикловчилар жуда кўп, бундан бошимиз кўкка етмоқда, — дейди Диёранинг отаси Бахтиёр Мардонов. — Айниқса, Президентимиз Диёра билан телефон орқали гаплашиб табриклагани ва унга биз – ота-онаси ва мураббийларига ўзларининг миннатдорлик туйғуларини етказиб қўйишни айтганини эшитиб, қувончимиз ўн чандон ошди. Диёра Олимпиадада тарихий ғалаба қайд этиб, юзимизни ёруғ қилди, ишончимизни оқлади. Устозлари, маҳалламиздагилар, масъуллар уйимизга келиб, Диёранинг чиқишини биргаликда кузатишди, ғалаба билан табриклади ва ҳаммаси учун раҳмат айтишди. Рости, ота-она учун бундан ортиқ бахт, фахр бўлмаса керак.

— Диёра кўзимизнинг олдида улғайди, болалигидан кўплаб ютуқларга эришди, — дейди Пастдарғом туманидаги “Пўлатчи” маҳалласи раиси Ислом Мажидов. — Ҳар гал унинг ғалабаларини маҳалладаги ёшларга ўрнак сифатида кўрсатамиз. Биласизми, Диёра Олимпиада сари йўл олар экан, маҳалла идорасига келиб, биздан, оқсоқоллардан дуо олди. “Албатта, олтин медаль билан қайтаман” деган ишонч ила йўлга чиқди. Қаранг, ўзига бўлган ишончи қатъий, нияти холис экан, Ўзбекистонга илк олтин медални тақдим этди. Маҳалладагилар қизимизнинг ғалабасидан хурсанд.

“Кучлиларни ютмагунча кучли бўлмайсиз”

Албатта, бу ғалабани қўлга киритишнинг ўзи бўлмайди ва буни биргина спортчининг ўзи уддалаши қийин. Диёранинг Олимпиада ўйинлари ғолиби бўлиши, аввало, давлатимизнинг спортчиларга яратаётган кенг имкониятлари самарасидир.

— Олимпиада ўйинларига узоқ муддат тайёрландик. Ҳар бир рақибим кучли бўлишини билган эдим. Кучлиларни ютмагунимча, кучли бўла олмаслигимни яхши тушуниб турган эдим. Мен ҳар бир баҳсда давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ўзбек миллати дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини исботлаш ҳақида ўйлаб беллашдим. Ғолиб бўлганимдан сўнг қалбим фахр-ифтихорга тўлди, кўзларимда қувонч ёшлари қалқиди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли аёл каби ҳис қилдим. Ғалабаларим замирида мураббийларим, спортимиз мутасаддилари ва бизга барча имкониятни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ётибди. Мени доимо қўллаб-қувватлаётган ва дуо қилаётган халқимиздан миннатдорман, — деди ғалабадан сўнг Олимпиада ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова.

***

Диёранинг ғалабасидан сўнг миллионлаб юртдошларимиз кўзида қувонч, кўнглида фахр туйғуси жўш урди. Яна минглаб ота-оналар қизларини спорт тўгаракларига беришга аҳд қилгани ҳам бор гап. Олис маҳаллада туғилиб, вояга етган, жуссаси кичкина қизнинг Олимпиададаги оламшумул чиқишлари кўплаб йигит-қизлар қалбига орзулар солгани айни ҳақиқат. Аслида, спортнинг, Олимпиаданинг энг катта мақсадларидан бири ҳам шу — бизни бирлаштириб, якдил мушт, ягона қалб, яхлит халққа айлантиради. Диёранинг ғалабаси халқимизга муборак бўлсин!

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“ЯШИЛ МАКОН” лойиҳаси: 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилган

    175 туп қимматбаҳо дарахт қаровсиз қолдирилиб, 1 млрд. 487 млн. сўм зарар келтирган Жорий йил 29 март куни Президент раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил…