39 йил олий таълим муассасасида дарс бердим. Орттирган тажрибам, ўқиб-ўрганганларим маҳалла тизимидаги фаолиятимда жуда асқатяпти. Аёллар билан ишлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун хотин-қизлар фаоли ҳар жиҳатдан билим ва малакага эга бўлиши муҳим. Кўряпманки, кимдир психологик, яна бошқаси ҳуқуқий ёки иқтисодий жиҳатдан кўмакка муҳтож.
Ҳар куни идорага келиб, аниқ режалар асосида иш бошлайман. Бугунги вазифани эртага қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Киришим керак бўлган хонадонларни айланаман. Аёллар билан дилдан суҳбатлашаман. Айниқса, эҳтиёжманд, қийналган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратаман. Бу масалада “маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлиги катта аҳамият касб этади. Маҳалла раиси тавсия ва маслаҳатлари билан йўл-йўриқ кўрсатса, ҳоким ёрдамчиси ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, кредит ва субсидия олишда ёрдам беради. Ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва профилактика инспектори аёлларни қўллаб-қувватлашда жонбозлик кўрсатиб, меҳнат қилмоқда.
Инсон доим ўз устида ишлаши, шахсий ривожи учун тинимсиз изланиши зарур. Шу маънода маҳалламизда истиқомат қиладиган, олийгоҳда бизга таҳсил берган устозларимнинг ўгитлари жуда қийматли. Қолаверса, “Бувижонлар мактаби” аъзоси Машҳура Муҳаммедова, кўчабошилар Муҳаббат Юсупова ва Мақсуда Каримова каби ёши улуғ онахонларимизнинг кўмагидан беминнат фойдаланиб келяпмиз.
Маҳалламиздаги 1 962 нафар хотин-қизнинг 763 нафарини 30 ёшдан ошганлар ташкил этади. Уларнинг 420 нафари расмий секторда фаолият юритади. 300 нафардан кўпроғи хусусий корхоналарда ишлайди. Жорий йилда “Аёллар дафтари”нинг ишсизлар тоифасига киритилган 15 нафар аёлдан 8 нафарининг бандлигини таъминладик.
Айрим ҳолатларда турмуш ўртоғининг қаршилиги сабаб ишламай, уйда ўтирган аёллар ҳам учраб туради. Ҳудудимизда истиқомат қиладиган бир оилада вазият шундай эди. Лекин улар билан суҳбатлашиб, аёлни уй ҳамширалигини ўрганиши учун имкон яратдик. Шу баҳона жамиятнинг фаол аъзоларидан бирига айланадиган бўлди.
Зуҳра Тўқсонбоева ҳам анча вақт уйида бекор ўтирганди. Турмуш ўртоғининг кунлик ишлаб топаётган пули рўзғор харажатларидан ортмасди. У нимадир фойдали иш қилиш истаги борлигини билдириб, бизга мурожаат қилди. Унга маҳалла тавсияси билан 5 миллион сўм кредит олишига ёрдам бердик. Ҳозир харид қилган печида мазали пишириқлар тайёрлаб, кунига 300-350 минг сўм атрофида даромад топяпти. 3 нафар фарзанди, кекса қайнонасини парваришлашга ҳам имкони бор.
5 нафар қизни компьютер курсида ўқитдик. Қўлига сертификат олиб, янги касб эгаси бўлишди. Муҳими, энди улар ўз йўли ва мақсадларига эга.
Хотин-қизлар билан ишлашнинг машаққат ва қийинчиликлари билан бирга, завқи ҳам бўлакча. Улар билан ўтказган вақтимга сира ачинмайман. Суҳбатларда кўплаб ҳаётий ҳақиқатларни англаб етаман. Тақдирлар, кечмишлар янгидан-янги хулосалар чиқаришимга туртки бўлади. Зеро, инсон изланиб, ўргангани сари юксалиб бораверади.
Дилноза БЕКМИРЗАЕВА,
Яккасарой туманидаги Абдулла Қаҳҳор номли
маҳалла хотин-қизлар фаоли