Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъулларидан иборат Республика ишчи гуруҳлари жойларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганяпти, “маҳалла еттилиги” фаолиятини таҳлил қиляпти, маҳаллаларда томорқадан фойдаланиш, бандликни таъминлаш борасидаги ишларни кўздан кечиряпти.
Ҳар қандай масала маҳаллада ечим топиши зарур
Республика ишчи гуруҳининг Жарқўрғон туманидаги ўрганишлари давом этмоқда. Хусусан, улар “маҳалла еттилиги” фаолиятини кўздан кечириб, уларнинг келгуси режалари билан танишяпти, маҳалла аҳолиси мурожаатларини тинглаяпти.
Жараёнларда йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда. Хусусан, туманнинг “Меҳнат-роҳат” ва “Боботоғ” маҳаллаларини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида сув қувурлари олиб келиниб, ишлар бошлаб юборилди. Ўрганиш давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан қўшимча таклиф ва тавсиялар берилди.
Навбатдаги манзил — тумандаги “Нефтчилар” маҳалласи бўлди. Республика ишчи гуруҳи “маҳалла еттилиги”нинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, соғлом маънавий муҳитни таъминлашда амалга ошираётган ишлари, маҳалла аҳолиси яшаш шароити билан яқиндан танишди. Аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Бандихон туманидаги ўрганишларда “оғир ҳудуд” сифатида танлаб олинган “Полвонтош” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Жараёнда аҳолини доимий электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ўрнатилаётган таянч устунлар ҳолати ўрганилди, йўл четидан ўтувчи пиёдалар йўлакчаси лойиҳаси билан танишилди.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари Шеробод туманидаги “Қизилолма”, “Тароқли” “Чағатой” маҳаллаларига ташриф буюриб, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, Маҳалла раиси иш фаолияти, келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Ҳоким ёрдамчисининг “хонадонбай” ўрганиш ишлари, хотин-қизлар фаолининг аёлларга кўрсатаётган ёрдами, ижтимоий ходимнинг кундалик юмушлари ҳақида суҳбатлашилди. Ёшлар етакчиси билан суҳбат жараёнида ишсиз ёшлар ва уларга қандай ёрдам кўрсатилгани таҳлил қилинди.
Мурожаатлар “хонадонбай”, “фуқаробай” ўрганилди
Янгибозор туманида “Уйчи тажрибаси” асосида туманни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, миграция ва камбағалликни кескин қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Туманда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирокида ўтказилган йиғилишда ушбу йўналишларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, шу ерда бир гуруҳ фуқароларга мурожаатлари асосида мотокультиватор ва тикув машиналари топширилди.
Республика ишчи гуруҳи туманнинг “Урганч”, Огоҳий, “Қармиш” маҳаллаларида бўлиб, “хонадонбай”, “фуқаробай” тартибда фуқаролар мурожаатларини ўрганди. Мулоқотда фуқароларнинг маиший ва коммунал ҳамда кундалик муаммолари ўрганилиб, ечимини топиш чоралари кўрилди. Жараёнда маблағ ва вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси таъминланмоқда.
Айни кунларда Тупроққалъа туманининг чекка “Ҳазорасп” маҳалласида ободонлаштириш, коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Республика ишчи гуруҳи вакиллари маҳаллада бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари доирасидаги ишлар кўздан кечирилди, оилаларнинг томорқадан фойдаланиш маданияти ўрганилди.
Республика ишчи гуруҳларининг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.