Халқимиз учун жамият маҳалладан бошланади. Тўй-маъракамизни маҳалла-кўйсиз тасаввур қила олмаймиз. Инсон бошига тушадиган ҳар неки яхши-ёмон кун бор, қўни-қўшни, маҳаллага суянамиз. Ҳаттоки шахсий турмушимизда фавқулодда қарор қабул қилмоқчи бўлсак ҳам, “Маҳалла-кўй нима деркин…” деган андиша билан рўбарў келамиз. Маҳалла, бу — мен, сиз, ҳаммамиз!
Энг муҳими, эндиликда маҳалла халқ билан мулоқот қилишда, каттаю кичикни ўйлантираётган ўткир масалаларга халқчил чора топишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда давлат идоралари учун ҳақиқий кўмакчи бўлиб боряпти. Айни йўналишдаги ишларни маҳалламиз мисолида олсак, биргина жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли мурожаатларининг қарийб 90 фоизи йиғиннинг ўзида ҳал этилди.
Айниқса, “маҳалла еттилиги” тизими ташкил этилгани натижасида аҳолининг барча қатлами билан ишлаш, манзилли, самарадор дастурларнинг қоғозларда қолиб кетишининг олдини олиш, “хонадонбай” ўрганиш асосида ҳудуддаги ҳар бир оиланинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий портретини яратиш имконияти юзага келди. Бу жараёнда Ижтимоий реестрларга киритилган оилалар моддий қўллаб-қувватланди, камбағал оилалар аъзолари ишли қилинди, тадбиркорликни бошлашига кўмаклашилди.
Ўзимиз учун 2026 йилги “йўл харитаси”ни тузиб олганмиз. Хусусан, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш йўналишида Зафар Диёр кўчасидаги пиёдалар йўлакчаси қайта таъмирланади. Шу билан бирга, 42 та кўп қаватли, 50 та ҳовли уйлар ободлиги таъминланади. 2025 йилда маҳалла боғи яратишга киришганмиз, шу мақсадда 500 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлса, жорий йилда яна 350 дона кўчат ўтқазилади.
Шу ўринда маҳалла фаолиятини кузатиб, айрим таклифларни баён этсам. Ҳар бир маҳаллада аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш бўйича QR-кодга асосланган “Рақамли мурожаат ойнаси” жорий этилиши лозим. Бу орқали фуқаролар йўл, ичимлик сув, электр энергияси, ижтимоий ёрдам, бандлик каби масалалар бўйича мурожаатни онлайн юборади ва ижро ҳолатини ҳам онлайн шаклда кузатиб боради.
Шу билан бирга, “Маҳалла бюджети”дан инфратузилмага ажратиладиган маблағларнинг камида 30 фоизини аҳоли овози асосида (онлайн ва офлайн сўровлар орқали) йўналтириш тартиби ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Натижада аҳолининг қарор қабул қилишдаги иштироки ошиб, маблағлар манзилли сарфланарди.
Ёшларни ижтимоий жараёнларга тайёрлаш бўйича “Маҳалла парламенти” лойиҳасини йўлга қўйишни таклиф этаман. Яъни 18-30 ёшли йигит-қизлар ўртасида бу тизимни ташкил этиш орқали уларни қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор этиб борамиз, ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қиламиз, тегишли таклифларни жамлаймиз. Энг муҳими, маҳалла ёшлари қалбида ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантирамиз.
Одил УСМОНОВ,
Мирзо Улуғбек туманидаги
“Шаҳриобод” маҳалласи раиси.