Поп туманидаги “Нуробод” маҳалласида яшовчи, “Ёшлар дафтари”дан — Президент билан учрашувгача бўлган масофани босиб ўтган “VIRTUAL GROUP” корхонаси асосчиси Исломжон ДАВЛАТОВ:
— Вақтдан унумли фойдаланиб, илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган ёшлар зиммасидаги вазифани уддалаган ҳисобланади. Чунки, ёшликда олинган илм тошга битилган нақш кабидир.
Юртимизда ўзини намоён этиши учун ёшларга кўп имконият яратилган.
Мен ана шу имкониятдан унумли фойдаландим. Аввало ўзим ҳақимда тўхталиб ўтсам. Оилада отасиз, бувимнинг қарамоғида катта бўлганман. Шунга қарамасдан яхши билим олишимга шароит яратиб беришган. Мактабни тамомлагач, қизиқишим бўйича хориж олий ўқув юртига кирмоқчи бўлганман. Аммо омад етишмаган.
2021 йилда маҳаллада ёшлар етакчиси тавсияси билан “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилдим. Шунда олдимга аниқ мақсад қўйишим кераклигини англадим. Ниятим жиддийлашди. IT соҳасида тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Маҳалладаги ёшлар етакчиси маслаҳатини бериб борди. Икки йилда мана шу даражага етиб, оддий қишлоқ боласи катта тадбиркорга айландим. Давлат раҳбарига ўз лойиҳам бўйича тақдимот қилиш имконига эга бўлдим.
Раҳбарлигимдаги “VIRTUAL GROUP” корхонасида 7 нафар ёшлар бандлигини таъминлаганман. “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида 30 нафар ёшга ахборот технологиялари соҳасида касб ўргатдим. Шу кунгача 20 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқиб, буюртмачиларга етказиб бердим. 2022 йил март ойида қиймати 500 млн. сўмга тенг IT export йўналишидаги корхонани ишга туширдик. Бундан ташқари, 300 нафар ёшларни компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари, мобил робототехника, веб ва мобил иловалар яратиш, график ва веб-дизайн йўналишлари бўйича ўқитдик.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг учинчи ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган оилаларнинг 50 нафардан ортиқ фарзандлари бепул ўқитилиб, дастурчилик йўналишида фаолиятини бошлади. Тумандаги ҳар бир маҳалладан 2 нафар ёш дастурчи тайёрлаш мақсадида лойиҳа ишлаб чиқдим. Бунинг учун 7 та мактаб информатика хонасидан фойдаланиб, бепул дарсларни йўлга қўйдим.
Келгусида 25 миллиард сўмлик “IT cluster” лойиҳасини йўлга қўйишни, IT-Парк ва корхона билан ҳамкорликда тумандаги 4 та секторда қиймати 250 млн. сўмга тенг “IT coworking” маркази очишни режа қилганман. 2023-2024 йил режасига кўра, 16 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширяпмиз.