Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, 2024 йил 16-18 март кунлари юртимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Ҳашар мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, маҳаллаларни ободонлаштириш мақсадида ташкил этилди.
Айтиш керакки, бу йилги ҳашарда юртдошларимиз ҳар қачонгидан-да фаол қатнашди. Уч кун давомида тадбирларда 14 миллион 515 минг нафардан зиёд фуқаро (шундан 10 миллион 48 минг нафардан ортиғи ёшлар) иштирок этгани фикримизни тасдиқлайди.
Ҳашар кунларида Ўзбекистон маҳаллари уюшмасида Республика штаби, 14 та ҳудуд ва 208 та туман (шаҳар)да мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат штаблар, 9 452 та маҳаллада “еттилик” аъзолари, таълим ва тиббиёт муасссасалари, кўча (уй) бошилар ва обрў-эътиборга эга вакиллардан иборат тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Умуман олганда, уч кун давомида:
- 15 минг 179 гектардан ортиқ майдон, 70 минг 365 та кўча ободонлаштирилди;
- 13 минг 508 тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланди;
- 7 минг 294 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди;
- 9 минг 948 та қабристон ва 532 та зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди;
- 40 минг 228 та болалар ва спорт майдончалари ободонлаштирилди.
“Маҳалламга 10 туп дарахт — менинг туҳфам” шиори остида барча тураржой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллион 520 мингдан ортиқ манзарали ва 2 миллион 314 минг мевали дархат кўчатлар, 2 миллион 243 мингдан ортиқ гул ниҳоллари ўтқазилди. Шу билан бирга, 3 минг 546 та мевали ва манзарали “Маҳалла боғлари” ташкил этилди. Бу орқали нафақат маҳаллаларга кўркамлик, яшиллик бахш этилди, балки йиғинларнинг даромад манбаи шакллантирилди, экология тозалигига ҳисса қўшилди.
Қолаверса, ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Жумладан, 23 минг 335 та хонадоннинг томорқа ерлари тартибга келтирилди, 12 минг 553 та кам таъминланган оиланинг 214 минг квадрат метрдан ортиқ уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирланди. Ҳашар кунлари 12 та маҳалла биноси ҳамда 19 та маиший хизмат кўрсатиш, савдо ва бошқа объектлар фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, 30 минг 602 та эҳтиёжманд оилага, шундан 10 минг 150 нафар ногиронлиги бўлган ва ёлғиз қарияларга моддий ёрдам берилди. Мазкур хайрия тадбирларига 14 миллиард 311 миллион сўмдан ортиқ, шундан 1 миллиард 751 миллион сўмдан зиёд маблағ “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан сарфланди.
Ҳашар муносабати билан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда (таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ташкилотлар бундан мустасно) меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳисобига ўтказилиш белгиланди. Мазкур маблағлар эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахсларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва моддий ёрдам кўрсатишга сарфланади.
Умуман олганда, умумхалқ ҳашари кўтаринки кайфиятда, уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бу жараёнда эҳтиёжманд оилаларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмади. Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик фазилатлари ҳашар кунларида яна бир карра ўз тасдиғини топди.