
«Энг намунали маҳалла раиси» танловининг
ҳудудий босқичлари қизғин ва юқори кайфиятда ўтмоқда
Уч босқичда ташкил этилган танловнинг дастлабки — сектор босқичи 19-25 февраль, иккинчи — туман (шаҳар) босқичи 26-29 февраль кунлари ташкил этилди. Унда 1-ўринни қўлга киритганлар учинчи — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 5-9 март кунлари ўзаро беллашади.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Нукус шаҳридаги Ёш томошабинлар театрида ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичида маҳалла раисларининг маҳоратини Ҳакамлар ҳайъати 3 та шарт асосида баҳолаб борди. Бунда:
а) 1-шарт бўйича иштирокчилар фаолият йўналишлари бўйича тақдимот намойишларини ўтказишди;
б) 2-шарт бўйича уларнинг билим савияси, дунёқараши, фикрлаш қобилияти, мулоҳаза юритиши, шунингдек, соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини қай даражада билишлари савол-жавоб асосида баҳоланди;
в) 3-шарт бўйича маҳалла раисларининг кундалик ҳаётида, иш фаолиятида учраб турадиган масалаларга, муаммоли вазиятларга қанчалик даражада ечим топа олишларини аниқлаш мақсадида амалиётга оид савол-жавоблар берилди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Чимбой туманидаги “Гужумли” маҳалласи раиси Жузимгул Абдурасулиева эгаллади. Иккинчи ўринни Бўзатов туманидаги Қусханатов овул фуқаролар йиғини Жугинис Нурманов қўлга киритган бўлса, учинчи ўринга Тўрткўл туманидаги “Яшнобод” маҳалласи раиси Ўрингул Аллабергенова лойиқ кўрилди.
— Танлов ўз имкониятларимизни синовдан ўтказишга хизмат қилди, — дейди “Гужумли” маҳалласи раиси Жузимгул Абдурасулиева. — Очиғи, ҳамкасбларимнинг билими, ташаббуслари, мулоҳаза юритиши менда катта таассурот қолдирди. Бу ютуқ фақат ўзимники эмас, маҳалламиздаги барчаники — оддий одамлардан тортиб, “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бир аъзосигача. Зеро, жамоада ҳамжиҳатлик, бирдамлик бўлмаса, одамлар ташаббусларимизни қўллаб-қувватламаса, маҳалла раисининг ўзи ҳеч нима қила олмайди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР. Учтепа маданият саройида ўтказилган танловнинг шаҳар босқичида ҳар бир шартда раисларнинг маҳорати, дунёқараши, ташаббусларини тажрибали Ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Жараёнда иштирокчилар ҳуқуқий савол-жавоблар орқали тизимга оид билимларини намойиш этишди.
Якуний баҳолаш натижаларига кўра, биринчи ўринни Чилонзор туманидаги “Чилонзор” маҳалласи раиси Бахтиёр Абдуллаев, иккинчи ўринни Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Белтепа” маҳалласи раиси Неъматилла Ҳалигитов, учинчи ўринни Олмазор туманидаги “Зиё” маҳалласи раиси Ибайдулла Мамажанов қўлга киритди.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ. Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” санъат саройида 16 нафар маҳалла раиси ғолиблик учун беллашди.
Уч шарт — маҳалла раисининг амалга оширган ишлари тақдимоти, соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича савол-жавоб ҳамда маҳаллада учрайдиган кутилмаган муаммоли вазиятга ечим топиш бўйича маҳоратни намойиш қилиш. Илгари шу каби танловларни кўп кузатганимиз боис бир ҳолат эътиборни тортди. Ҳар бир раис олдига қўйилган вазифани бажариш, аниқроғи, маҳалласининг фаровонлигини таъминлашда турлича ёндашувларни қўллаяпти. Кимдир ҳудуд ободлигини биринчи ўринга қўйган бўлса, яна кимдир бор эътиборини таълимни ривожлантиришга қаратган. Бошқа бир раис: “Мен учун энг муҳими аҳолининг тинч-тотувлиги”, дейди. Айтмоқчи бўлганим, раислар янгича фикрлаяпти ва ҳар бири ўзига хос тажриба мактабини яратяпти.
— Бу танловда ғолиб ва мағлуб томон бўлмайди, хулосалар нисбий, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев. — Сабаби, унда иштирок этаётганлар танловнинг қуйи босқичларида сараланган, вилоятнинг энг олди раислари. Тадбирдан асосий мақсад — уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришдир. Қолаверса, иштирокчиларни рағбатлантириш орқали фаолияти қўллаб-қувватланади. Эътироф янги марраларга ундайди.
Раислар қандай фикрда? Буни билиш учун уларга “Сизга бу танлов нима беради?”, деган савол билан юзланиб кўрдик.
— Маҳалла раиси бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак, — дейди Оқдарё туманидаги “Бозоржой” маҳалласи раиси Нурбиби Рўзиева. — Шахсан мен фаолиятим давомида туманимизнинг илғор маҳаллаларида бўлиб, тажрибасини ўрганганман. Танлов шарофати билан вилоятимизнинг энг фаол раислари билан танишдим, фикр алмашдим. Ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар талай экан.
— Маҳалла раисининг фаолиятига ҳақиқий баҳони фуқаролар беради, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Боғимайдон” маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев. — Буни ҳудудлардан тушаётган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар раис ўз ишини тўғри йўлга қўймаган, аҳоли билан яқинлашмаган бўлса, фуқаролар юқори турувчи идораларга мурожаат қилаверади. Акси бўлса, муаммо маҳалланинг ўзида ҳал бўлади. Таклифим, бундан кейин раислар фаолиятига баҳо беришдан олдин махсус комиссия тузилиб, маҳаллалардаги муҳит, фуқароларнинг кайфияти ўрганилсин. Шунда адолат бўлади.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўрин Каттақўрғон шаҳридаги “Яккабоғ” маҳалласи раиси Равшан Ҳамроевга насиб этди. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳридаги “Боғимайдон” маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев, учинчи ўринни Нуробод туманидаги “Нурбулоқ” маҳалласи раиси Жасур Холов эгаллади.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида 22 нафар маҳалла раиси ўз билимини синовдан ўтказди. Танлов иштирокчилари учта шарт бўйича ўзаро беллашиб, касбий фаолияти давомида эга бўлган билим ва кўникмалари, маҳоратларини намоён этишди.
Танлов натижаларига кўра, энг юқори натижани Бекобод туманидаги “Гулистон” маҳалласи раиси Каримжон Мамадалиев қайд этди. Ундан кейинги поғоналарни Олмалиқ шаҳридаги Ислом Каримов номли маҳалла раиси Алишер Ҳотамов, Пискент туманидаги “Бекобод” маҳалласи раиси Гулбаҳор Ғуломжонова эгаллади.
— Маҳалламизда 3 755 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди Бекобод туманидаги “Гулистон” маҳалласи раиси Каримжон Мамадалиев. — “Маҳалла еттилиги” ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни мақсад қилганмиз. Хатлов асосида ижтимоий дафтарларда турган 150 нафар ишсиз фуқарога 10 сотихдан ер ажратиб бердик. Энг катта мақсадимиз — тадбиркорликнинг камхарж усулларини ўргатиш орқали имкон борича ердан, иссиқхоналардан мўл-кўл ҳосил олиш. Бу борада ёшларни деҳқончиликнинг “ҳадисини олган” тажрибали фермерларга бириктиряпмиз. Бугунги ютуқ — барча маҳалладошларники! Уларнинг ишончи сабаб шу маррага етдик.
Шунингдек, танловнинг ҳудудий босқичлари Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро вилоятларида кўтаринки руҳда ўтказилди. Бугун — 7 март санасида Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Навоий вилоятларида, 9 март санасида Андижон вилоятида танлов ташкил этилади.
***
Тақдирлаш 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни арафасида амалга оширилади. Танлов ғолиблари давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.
Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши — ҳудудларда биринчи ўринни қўлга киритган 14 нафар маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 10 миллион сўм;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари — 5 нафаргача маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 5 миллион сўм;
Туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари — 3 нафаргача маҳалла раисига «Энг намунали маҳалла раиси» фахрий ёрлиғи ва 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ажратади.
Қолаверса, ҳар бир тумандан 7 нафаргача энг фаол маҳалла раислари учун мамлакатимиз бўйлаб зиёрат ёки экотуризм ташкил этилади.
Санжар ИСМАТОВ,
Абдували ХУДОЁРОВ,
Маҳфуза АКБАЕВА.