ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ
“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”га кўра, ижтимоий шартнома амалиёти жорий қилинади. Бунда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ёрдам берилган шахслар билан ижтимоий шартнома тузилади. Хўш, бу тартиб нималарни ўз ичига олиши мумкин?
Халқаро тажриба қандай?
Халқаро тажрибада “Шартли пул ўтказиш” деб таърифланувчи ижтимоий келишув дастурлари мавжуд бўлиб, улар, одатда, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тизим самарадорлигини ошириш мақсадида кам таъминланган аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб қўлланади. Мисол учун, Бразилияда 1990 йиллардан бошлаб “Bolsa Família” дастури йўлга қўйилган. Унга кўра, камбағал оила болалари 6 ёшигача эмланган бўлса ҳамда 6 ёшдан 15 ёшгача мунтазам мактабга қатнаса, ушбу оила нафақа олиш имкониятига эга бўлади.
Туркияда ижтимоий келишув тизимида тиббиёт ва таълим соҳасига кўпроқ устуворлик берилган. Масалан, кам таъминланган оналарга мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан 9 ой давомида бепул тиббий ва моддий ёрдам (нафақа) берилади. Бундан ташқари, 5 ёшгача бўлган болаларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан ота-оналарга тиббий ва пул ёрдами кўрсатилади. Камбағаллик туфайли болаларнинг мактабга қатновини таъминлай олмайдиган оилаларга мактабга қатнов давоматини тўлиқ таъминлаганида нафақа берилади.
Ўзбекистонда бугун эҳтиёжманд оилаларга 70 дан ортиқ турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиб келиняпти. Лекин мазкур жараёнда ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланувчиларнинг аниқ масъулияти ҳамда мажбурияти белгиланмаган, барча хизматлар тўлиқ электрон тарзда кўрсатилмайди. Гарчи ҳозирда мамлакатимизда фақатгина ишсиз аҳоли билан бандликни таъминлаш шарти асосида ижтимоий имтиёз ва хизматлардан фойдаланиш тартиби тасдиқланган бўлса-да, ушбу тизим кенг қамровда амалга оширилмаётганини айтиб ўтиш ўринли.
Ижтимоий мажбуриятлар нималарни назарда тутади?
Президентнинг 2022 йил 25 июлдаги тегишли фармони билан “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланган. Стратегия тўрт йўналишни қамраб олган: ижтимоий хизматлар, ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва бандликка кўмаклашиш.
Стратегияга кўра, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаларини ижтимоий шартнома тузиш орқали тақдим этиш белгиланган. Ижтимоий шартнома тизимида ижтимоий ёрдам олаётган фуқаро маълум бир ижтимоий мажбуриятни бўйнига олади. Мисол учун, дастлабки босқичда ижтимоий мажбурият сифатида оиладаги болаларнинг мактабга ёки боғчага доимий тарзда қатнаши белгиланади.
Нега бундай шарт оилага қўйилмоқда? Чунки болаларнинг таълими унинг келажагини аниқлайди. Таълим олган болалар келажакда ишга жойлашишда қийналмайди ва бу унинг келажакдаги оиласи камбағаллик ҳолатига тушиб қолмаслигини англатади Яна бир ижтимоий мажбурият — оилавий поликлиникадан мажбурий вакциналарни ўз вақтида олишдир.
Ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, болалар нафақаси миқдори камаяди ёки тўхтатилади. Бунда ижтимоий шартларни бажариш учун қўшимча муддат тақдим этилади, бола соғлиги сабабли қатнов пасайиши, вакциналарни муддатдан кеч ёки умуман олмаганда чекловлар қўлланилмайди.
Субсидия ижтимоий шартнома асосида берилса…
Бизнингча, ижтимоий шартноманинг кейинги босқичларида эҳтиёжманд оила ёки фуқаро билан бандликни таъминлаш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш ёки тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш каби йўналишларда шартнома тузиш ўзининг амалий натижасини беради. Нега?
Мисол учун, ҳозирги кунда меҳнат органларига мурожаат қилган айрим шахслар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади. Аммо бу чоранинг камчилиги шундаки, у вақтинчалик чора ва аниқ муддат ўтганидан сўнг жамоат ишларида қатнашаётган шахс яна ишсиз бўлиб қолаверади. Ижтимоий нафақалар касб-ҳунар ўрганиш шарти билан тақдим этилса, ишсиз шахс маълум бир касб эгаси бўлади, ишга жойлашиши осонлашади. Ишга жойлашгач, бу одамнинг муҳтожлиги бартараф этилади ва бундай ёндашув вақтинча эмас, балки узоқ муддатга қаратилади.
Қолаверса, ҳозирда ҳоким ёрдамчилари кўмагида берилаётган тадбиркорлик ва бандлик субсидияларини ҳам ижтимоий шартнома орқали тайинлаш мумкин. Мисол учун, ишсиз шахсга субсидия маълум бир меҳнат қуролларини сотиб олиб, уй шароитида устахона юритиш учун ажратилиши мумкин. Аммо бу шахс меҳнат қуролларини олгач, устахона юритиш фикридан қайтиб қолиши ёки узоқни ўйламай, тез ва осон йўли билан бирйўла йирикроқ даромад олиш учун бу қуролларни сотиб юбориши мумкин. Шунда бу шахс яна ишсиз ва даромадсиз қолади. Шу боис субсидия ажратилганида ижтимоий шартномада шахс зиммасига ижтимоий масъулият юкланади. Яъни меҳнат қуролларини олганидан сўнг у устахонани юритиши зарур. Ҳоким ёрдамчиси олти ой давомида субсидия берилган шахснинг устахонасига бориб, шартнома шартларига амал қилинаётганини мониторинг қилиб боради. Шундай қилиб, шахс яна бир бор ишсизлик ҳолатига тушиб қолишининг олди олинади.
***
“Йўл харитаси”га асосан, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ёрдам берилган шахслар билан ижтимоий шартнома тузилар экан, уларнинг касб-ҳунарли бўлиши, тадбиркорликни бошлашига имконият яратилади. Шу билан бирга, ижтимоий шартнома тизими орқали боқимандалик кайфиятини йўқотиш, “ҳамма нарсани давлат қилиб бериши керак” деган қарашни ўзгартириш мумкин.
Санжар ИСМАТОВ.