Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Таҳлил
-+=

Бугунги раис иқтисодчи каби фикрлаши керак

 

Ёхуд раис ишбилармон бўлмаса, ходимлар бошқа ҳудуддан тайинланса, маҳалла иши қийинлашади, боқимандалик кайфияти ошади

Президент қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”га асосан, тизимдаги кўпгина ечимини кутаётган масалалар ҳал этилади. Тузилма фаолияти такомиллаштирилиб, “маҳалла еттилиги”га қатор қулайликлар яратилади.

“Йўл харитаси”га кўра, маҳалла раислигига номзодларни, асосан, тадбиркорлик соҳасида катта ютуқларга эришган ва ташкилотчилик қобилиятлари юқори бўлган фуқаролар орасидан танлаш амалиёти жорий этилади.

Яқин-яқинларгача маҳалла раиси ёки йиғиндаги бошқа ходим, асосан, пенсия ёшидаги кишилар бўларди. Негаки, бу лавозим эгаси арзимаган маош эвазига фаолият юритарди. Бугун вазият ўзгарди, маҳалла жамиятнинг “жон томири”га айланди. Маҳалла раиси ҳудуднинг том маънода бошқарувчиси саналади. Бугун халқимиз маҳалла раиси ёки ходими қандай бўлиши кераклигини яхши билади. Яъни сиёсатни тушунмайдиган, ўз ҳудудида обрўйи йўқ, ишни тўғри ташкиллаштира билмайдиган, энг асосийси, одамларни бирлаштира олмайдиган раислар ўз ўрнини бошқа номзодга бўшатишга мажбур.

Бироқ замон шиддати бир жойда тўхтаб турмайди, ҳозирги давр янги-янги талабларни олдимизга қўймоқда. Бу жараёнда фақатгина ташкилотчи, ташаббускор бўлиш билан иш битмайди. “Маҳалла еттилиги” ташкил этилиб, фуқаролар йиғинининг молиявий икмониятлари оширилаётган, аҳолига 70 дан ортиқ ижтимоий ёрдамлар (моддий ёрдам, субсидия учун тавсиянома, кафиллик ва бошқалар) маҳалланинг ўзида кўрсатилиши йўлга қўйилаётган экан, эндиликда маҳалла раиси ишбилармон, ҳар ишнинг кўзини биладиган кадр бўлиши керак.

Сир эмас, тадбиркор киши “пулни-пулни уриб”, ўз ишини янада ривожлантиришга, янги-янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилади. Шу маънода маҳалла раислигига номзодлар етук тадбиркорлар, ташкилотчилик қобилиятига эга инсонлар орасидан танланиши маҳалланинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириб, қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қилади. Қолаверса, кредит, субсидия ажратиш билан боғлиқ масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этилар экан, раиснинг молия соҳасидан хабардор бўлиши, иқтисодчи каби фикрлаши муҳим аҳамиятга эга.

“Йўл харитаси”га биноан, “маҳалла еттилиги” таркибидаги лавозимларга тайинлашда ушбу маҳаллада яшовчи номзодларга устуворлик берилади.

Маҳалла фақатгина фуқаролар йиғини раисидан иборат эмас, 2024 йил 1 январдан “еттилик” тизими жорий этилди. Яъни эндиликда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторлари маҳалла раислари билан ҳамжиҳатликда ишлайди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳалла ходимларини тайинлашда мазкур ҳудудда яшовчи номзодларга устуворлик бериш зарурати бор. Нега?

Энг аввало, ходим бошқа ҳудуддан бўлса, маҳаллани ўрганиш, кимнинг қандайлигини билиш учун анчагина вақт кетади. Айниқса, аҳолига кредит ва субсидия ажратишга масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ҳақиқатда кўмакка муҳтожларни аниқлашга қанча кўп вақт сарфласа, ижтимоий ёрдамлар одамларга шунча кеч етиб боради. Мисол учун, улар ўзи танимаган, билмаган, ижтимоий аҳволидан бехабар инсонларга кредит ажратса, эртага муаммоли кредитлар сони ортади, маҳаллада боқимандалик, давлат ёрдамига кўз тикиш ҳолатлари кўпаяди.

Қолаверса, ходимнинг бошқа ҳудуддан қатнаб ишлаши ортиқча вақт ва харажатга сабаб бўлади. Тўғри, бу ҳолат шаҳар маҳаллаларида сезилмаслиги мумкин, бироқ қишлоқ ҳудудларда, айниқса, тоғли маҳаллаларда қиш-қировли кунларда иш жойига вақтида етиб бориш ҳамда кечқурун ишдан қайтишда қийинчиликлар туғдиради. Буни аллақачон аксарият ходимлар ўз танасида ҳис қиляпти. Шу маънода “маҳалла еттилиги” вакиллари шу ҳудудда яшовчи одамлар орасидан тайинланса, уларни танлашда маҳалладан бўлган номзодларга устуворлик берилса, ижтимоий ёрдамлар ҳақиқатда муҳтожларга ўз вақтида етиб боради, ходимлар йўлга, келиб-кетишга ортиқча вақт сарфламайди.

Хўш, сиз бунга нима дейсиз, азиз маҳалладош?

Санжар ИСМАТОВ.

 

 

 

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Аёлларнинг бахтли турмуши — кунимнинг энг муҳим ташвиши

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Эр-хотин уч нафар фарзандининг моддий таъминотига пул етказа олмай, хорижга иш қидириб кетишади. У ёқларда анча қийналиб қолишади. Аёл амаллаб идиш ювиб пул топа бошлайди.…