Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Хотин-қизлар фаолининг асосий вазифалари белгиланди.
Фармонга кўра, бу ходим «Соғлом оила – соғлом жамият» тамойилларини тарғиб қилиш, хусусан яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга оширади. Иш жараёнида ҳар ойда камида 20 та оилага кириб, оилавий қадриятларни тарғиб этади ва никоҳларнинг қонунийлигини таъминлайди.
Шу билан бирга, маҳаллада ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилаларни соғлом турмуш тарзига қайтаради. Хонадонма-хонадон кириб, муаммони юзага келтираётган сабабларни изчил ўрганади. Томонлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, муросага келтириш чораларини кўради.
Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашади. Изланаётган, билим олиш ниятида бўлганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Қолаверса, ҳар ойда бир маротаба мактабдаги ўқувчи қизлар билан учрашиб, уларнинг таълим олишга қизиқишини оширади.
Маҳалладаги хотин-қизларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб қилади.
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ушбу муаммолар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилиш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ижтимоий ходим билан биргаликда ташкил этади.
Ҳар ойда бир маротаба жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ва профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар хонадонига бориб, муаммосини ўрганади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлайди ва бу ҳақда профилактика инспекторига хабар беради.