Маҳалламиз энг чекка ҳудудлар сирасига киради: туман марказидан 35 километр олисда жойлашган. Бу ерда 610 та оилада 2 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалламизда сўнгги уч ой давомида амалга оширилган ишлар туфайли одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароит яратилди, ҳудуд шаҳарча тусини олди.
Келинг, фикримни аниқ мисоллар ёрамида давом эттирай. Бунёдкорлик ишлари доирасида 80 та хонадон таъмирланиб, 1 километр давлат аҳамиятидаги, 1,7 километр ички йўлга асфальт, 13,1 километр тупроқ йўлга тош ётқизилди. 1 350 метр пиёда йўлаги қурилиб, 7 та трансформатор пункти таъмирланди. 71 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 4 километр оқова сув тармоғи қазилди. Янги маҳалла идораси, тикувчилик цехи қурилди. Ҳозирда яна 1,2 километр йўлни асфальтлаш, пиёдалар йўлакчаси қуриш, тунги ёритиш чироқлари, йўл четларига воиш усулида узум токларини ўрнатиш ишлари давом этяпти.
Эътиборлиси, бу жараёнда нафақат “Боғи эрам”, балки “Гулистон”, “Файзиобод”, “Моҳият”, “Чегарачи” каби маҳаллаларни туман маркази билан боғлайдиган таъмирталаб кўприк 2 миллиард 850 миллион сўм маблағ эвазига тубдан реконструкция қилиниб, бешта маҳаллага транспорт қатнови учун қулай шароит яратилди. Бу каби ўзгаришлардан одамлар мамнун. Зеро, йиллар давомида йиғилиб қолган инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ҳудуд аҳлини қийнаб келарди. Уч ой давомида бажарилган ишлар кўнглимизни тоғдек кўтарди.
Таклифлар масаласига келсак, маҳалламиз қишлоқ ҳудуди саналади. Шунга кўра, бу каби ҳудудларда имкон қадар ишлаб чиқариш, тикувчилик цехларини кўпроқ қуриш керак. Биринчидан, бу орқали йигитларнинг меҳнат миграцияси асосида четга чиқиб кетишининг олди олинади, улар шу ернинг ўзида ишли бўлади. Иккинчидан, бу жойларга кўпроқ аёлларни жалб қилиш лозим. Зеро, қишлоқ аёллари фақат уй ишлари ёки бола тарбияси билан чекланиб қолмаслиги керак. Маҳалламизда тикувчилик цехи айни шу эҳтиёж туфайли қурилди.
Шу билан бирга, қишлоқ жойларда ер кўп бўлади, уларни имкон қадар ёшларга бўлиб бериш керак. Тўғри, ҳозирда 30 сотихдан 1 гектаргача ер майдони ижара асосида йигит-қизларга бериляпти. Бу борадаги ишларни давом эттириб, ерга ишлов бериш учун асбоб-ускуна, экиш учун уруғлик ажратиш, ер илмини ўргатиш учун тажрибали деҳқонларни бириктириш лозим. Боиси улар ҳали тажрибасиз, бир-икки марта кутилганидек натижа бўлмаса, ердан совиши мумкин. Демак, бу борада ёшлар билан доимий иш олиб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш даркор.
Зокир АЛИЁРОВ,
Музработ туманидаги
“Боғи эрам” маҳалласи раиси.