“Яшил” энергияга ўтиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш учун зарур бўлган омиллардан бири ҳисобланадиган энергия самарадорлиги, аввало, ўзимиздан бошланади. Мисол учун, биз қандай лампалардан фойдаланамиз?
Ўзбекистонда 2016 йил 1 июлдан қуввати 40 Вт.дан юқори бўлган чўғланма лампаларни эркин муомалага чиқариш, 2017 йил 1 январдан уларни сотиш тақиқланган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги 299-сонли қарорида белгилаб берилган.
Афсуски, Ўзбекистонда энергия самарасиз чўғланма лампа ишлаб чиқарилмаса-да, импорт натижасида ушбу 40 Вт.дан юқори бўлган, самарадорлиги жуда паст бўлган чўғланма лампалар бозор расталарида сотилмоқда.
Хўш, энергияни тежаш нима учун керак? Хусусан, электр энергияси истеъмолида энергия самарасиз чўғланма лампа ва энергия тежамкор, замонавий ЛЕД лампасининг аҳамиятини таҳлил қиламиз.
Биргина энергия тежовчи светодиод – ЛЕД лампасининг қанчалар фойдали эканини биласизми?
Агар фойдаланилаётган 100 Вт қувватли чўғланма лампаларни 7 Вт қувватли энергия тежовчи лампаларга алмаштирилса, сутка давомида 8 соат ишлаганда қуйидагилар сарфланади:
– 100 Вт. қувватли лампа бир кунда ўртача 8 соат ишласа 800 Вт.соат, бир ойда эса 24 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
– 7 Вт қувватли энергия тежовчи лампа эса, бир кунда 8 соат ишласа 56 Вт, бир ойда (30 кун) 1,6 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
Демак, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 22.4 киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилади.
Бу эса электр энергиясининг амалдаги 295 сўм тарифи бўйича ҳисоблаганда, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 6 608 сўм, бир йилда эса 79 296 сўм иқтисод қилади.
Маълумот учун: 100 Вт қувватли энергия самарасиз лампа берадиган нур ўрнини ундан 15 маротаба энергия тежамкор бўлган 7 Вт қувватли ЛЕД лампаси боса олади.
Ўзбекистондаги 7 миллион хонадон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина энергия тежамкор лампа ўрнатилиши ҳисобига бир йилда 156 млн. кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади. Ушбу бир дона энергия тежамкор лампа орқали тежалган электр энергияси 1 045 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ушбу таҳлиллар фақатгина бир дона лампа мисолида олиб борилди.
Энергетика вазирлиги