Маҳалла иқтисодий салоҳиятини ошириш, бандликни таъминлашда ички имкониятдан самарали фойдаланяпмиз. Ҳудуддаги ишсизлар бандлигини таъминлашда “ўсиш нуқта”миз асосида тадбиркорлик субъектлари сонини ошириб боряпмиз. Масалан, ҳудудда жойлашган «Интеллект савдо бизнес» масъулияти чекланган жамият пойабзал ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга татбиқ этди. Тадбиркор саъй-ҳаракати билан корхонада 75-80 нафар ишчи-ходимлар доимий иш билан таъминланган, маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонада маҳаллийлаштириш жараёнлари амалга оширилиши эвазига маҳсулот таннархини пасайтириш имконияти яратилган.
Тадбиркор Музаффар Мирзажоновнинг маҳалла ҳудудида контейнерлардан енгил конструкцияли кичик ишлаб чиқариш линияси ташкил этиб, ҳар бир контейнерда 20 нафар иш ўрни яратиш тажрибаси туманда оммалаштирилди. Маҳаллаларга контейнерлар ўрнатиш ҳисобига чарм-пойабзал маҳсулотлари тайёрловчи аёллар доимий бандлигини таъминлаш, хотин-қизларга субсидия асосида тўқув дастгоҳлари олиб бериш бўйича туман раҳбарларига кўрсатмалар берилди.
Ҳоким ёрдамичиси Машҳурбек Каримов кўмагида 2023 йилда жами 317 та ишчи ўрни яратилди. Барчаси тадбиркорлик йўналишида. Хатловда 195 нафар ишсиз аниқланганди. Уларга кредит бериб, томорқасида иссиқхона ташкил этилди. 100 нафардан ортиғи мавсумий ишга жойланди. Ҳозирда 25 нафар ишсиз бор. 2023 йилда 3 нафар эҳтиёжмандга субсидия берилди. 22 нафар фуқарога имтиёзли банк кредити олиш учун ёрдамлашилди. Натижада 16 та янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Тадбиркорлар томонидан йил бошидан буён жами 46 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Ғанишер Муҳаммадалишеров 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиш эвазига ёстиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Маҳалладаги ишсиз аёлларнинг 6 нафарини иш билан банд қилган тадбиркор бугунги кунда 20 турдаги ёстиқларни ишлаб чиқариб ички бозорга сотишни йўлга қўйган. Ашурали Хожиматов косибчиликни йўлга қўйиш мақсадида 30 миллион имтиёзли кредит олиб, бу маблағ эвазига ҳарбийлар учун пойабзал тикишни йўлга қўйиб 4 нафар ишчи ўрни яратди.
Хабибахон Нишонова 30 млн. имтиёзли кредит ҳисобига аёллар сумкаси тикишни йўлга қўйган. Ҳозирда қизи ва келини билан бирга оилавий тадбиркорлигини юритмоқда. Бежирим тикилган сумкаларни бозорга олиб чиқиб сотиш эвазига оила даромади юксалишига ҳисса қўшмоқда.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 1,8 км. масофда йўл асфальтланди. 35 дона кўча чироқ ўрнатилди. Баҳор, Қурбонов, Жомий кўчасига 2,3 км. узунликда сув тармоғи тортилди. Ҳудудимизда фақат табиий газ таъминотида муаммо бор.
Таклифимиз тадбиркорга кредит маблағи бериш тартибини енгиллатиш керак. Иложи бўлса, нақд шаклда пул беришни йўлга қўйиш лозим.
Қаҳрамон ҚАМБАРОВ,
Тошлоқ туманидаги “Тошлоқ” маҳалласи раиси.