Маҳалламиз тўртта қишлоқдан иборат бўлиб, инфратузилма, ижтимоий масалаларда бир неча йилдан буён қатор муаммолар йиғилиб қолганди. Жорий йилнинг август ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов маҳалламизда аҳоли билан ўтказилган учрашувда масъулларга ҳудуддаги 8 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Топшириққа асосан, “Нурафшон” йиғинида қисқа фурсатда қурилиш-таъмирлаш шлари бажарилди. Хусусан, ички йўлларининг 4,2 километр қисмига асфальт, 6 километр қисмига қум-шағал аралашмаси ётқизилди. 2,3 километр тармоқ тортилиб, 62 та хонадон тоза ичимлик сув билан таминланди. Қолаверса, 2,5 километр электр ҳаво тармоғи тортилиб, 80 та янги темир-бетон устунлар, 35 та қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Кам таъминланган битта оилага ҳомийлик асосида янги уй қуриб бериляпти.
“Маҳалла бешлиги” билан ҳамкорликда 2024 йилда қилиниши лозим бўлган ишларни режалаштириб олганмиз. Хусусан, аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида тикув цехи фаолияти йўлга қўйилади. Иккита қишлоқда трансформаторлар алмаштирилади, ички кўчаларнинг 2,8 километр қисми асфальт қилинади. Қатор соҳаларда имтиёзли кредитдан фойдаланиб, аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.
Яна бир жиҳат: келгуси йил аввалида маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича ҳамкор ташкилотлар — таълим муассасалари, ёшлар ташкилоти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро келишув имзолаймиз. Ёшлар тарбиясида ҳар бир тузилманинг мажбуриятлари белгиланади. Шу асосда уларни кузатиб, назорат қилиб борамиз. Қолаверса, бу ўринда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида тажрибали отахонлар тарбияси оғир, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшларга бириктирилади.
Худди шундай — ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз. Мисол учун, уларни ҳарбий хизматга қизиқтириш, турли танловларга жалб этиш, миграциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишлаймиз. Бунда ҳарбий хизматнинг муқаддас бурч экани турли тарғибот тадбирлари орқали сингдирилса, миграция масаласи шу ернинг ўзида даромад топиш имконини берадиган иш ўринларини яратиш, ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантириш орқали ҳал этилади.
Илҳом ХЎЖАЁРОВ,
Узун туманидаги
“Нурафшон” маҳалласи раиси.