Маҳалламиз “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳаларида ўзига хос тажрибага эга. Мазкур лойиҳаларда икки мартадан бешта таклифимиз ғолиб чиққан. Айнан аҳоли фаоллиги, ташаббускорлиги, ҳамжиҳатлиги билан ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга киришганмиз.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги дастлабки мавсумида иккита лойиҳа бўйича ғолиблар сафидан жой олдик. Иккинчи мавсумда Обод Миришкор қишлоғи йўлининг 2 километр қисмини асфальт қилиш бўйича киритилган 1 миллиард 320 миллион сўмлик таклиф 6 146 та овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Умуман олганда, юқоридаги лойиҳалар орқали шу вақтгача маҳалланинг 6 километр ички йўллари асфальтланишдан ташқари, экин ерларини суғоришда муҳим аҳамиятга эга бўлган Миришкор ариғининг 2 километр қисмини бетон билан қоплаш имконияти қўлга киритилди.
Кўпчилик раислар ғолиб бўлиш сирини сўрашади. Бунинг ҳеч қандай сирли томони йўқ: қачонки одамлар фикри билан қизиқсангиз, уларнинг ташаббусларига қулоқ тутсангиз, маҳаллада ҳамжиҳатлик, бирдамлик муҳитини таъминласангиз, ҳар қандай масалада аҳоли сизни қўллаб-қувватлайди. Яна бир жиҳат: одамларни алдамаслик керак. Мисол учун, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлдингизми, лойиҳа, албатта, ўз вақтида амалга оширилишига эришиш лозим. Шунда аҳолида ишонч пайдо бўлади, яна ғолиблик учун интилиш кучаяди.
Очиғи, анчадан буён бир масала менга тинчлик бермасди. Яъни ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахт кўчатлари ўтқазилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам кутилганидек баравж ривожланмайди. Қайсидир ҳудудга кўчат тури мос келмайди, қайсидадир сув масаласи муаммо, яна бирида қаровчи йўқ… Агар “Яшил макон” доирасидаги маблағлар “Ташаббусли бюджет” орқали тақсимланса, қандай бўлар экан, деган фикрда юрардим.
Буни қарангки, куни кеча қабул қилинган Президент фармони асосида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали “Менинг боғим” лойиҳасига йўналтирилади. Бунда аҳоли ташаббуси билан “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича қиймати 250 миллион сўмдан ошмаган таклифлар билдирилади.
Президент фармони билан танишиб, очиғи, мамнун бўлдим. Негаки, одамлар ўзлари қаерга кўчат экишни, қаердан сув чиқаришни жуда яхши билишади. Лойиҳада ғолиб чиқиб, дарахт ўтқазар экан, уни ўзлари авайлаб кўкартиради, бузғунчи дарахт кесувчилардан ҳимоя қилади. Боиси аҳолининг ўзи “Ташаббусли бюджет”да овоз тўплаб ютиб олган йўллари ва объектлар сифати устидан қаттиқ жамоатчилик назорати ўрнатганига гувоҳ бўляпмиз. Шунинг учун янги лойиҳа аҳолини дарахт экиш ва кўкаламзорлаштиришга ўргатиш, уларни парваришлашда дахлдорлик ҳиссини уйғотишда қўл келади.
Одил ҲАФИЗОВ,
Қоракўл туманидаги
“Маллаишайх” маҳалласи раиси.