— Тошкент шаҳрида чиқинди ташиш ва тўплаш нархлари оширилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Биламизки, вилоятларда айни шу йўналишда муаммо кузатилади. Яъни, чиқинди ташиш ва тўлаш билан боғлиқ ишларни вақтида бажармаслик келишмовчиликларга сабаб бўлади. Айтингчи, вилоятларда ҳам чиқинди ташиш ва тўплаш нархлари ошириладими? Агар оширилса, хизмат кўрсатиш сифати шадими?
К.ИБРАГИМОВ,
Янги Наманган туманидаги “Шербулоқ” маҳалласи раиси.
Мурод НУРМАТОВ,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси:
— Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелда қубул қилинган “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида фуқароларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 765-сон қарори билан тасдиқланган Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
Дарҳақиқат, пойтахтда чиқинди ташиш ва тўплаш нархлари ошмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 29 ноябрдаги қарори билан «Махсустранс» корхонасининг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича пойтахт аҳолиси ва ташкилотлари учун тарифларини 1,5 бараварга ошириш тасдиқланди. Бунга кўра, ҳар бир яшовчи учун ойига маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи 4500 сўмдан 7500 сўмгача оширилади.
Буджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 1 кубометр қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ҚҚСсиз 89 966,57 сўмга (ҳозирда 53 986,56 сўм), 1 тонна чиқиндилар — 188 808,96 сўмга (ҳозирда 20 174 сўм) қимматлашади.
Шунингдек, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш хизматлари учун янги таърифлар белгиланди.