Маҳалла туман марказидан 10 километр олисда, Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Ҳудудда, асосан, пахта ва ғалла етиштирилади. Аҳолининг даромади кўпроқ чорвачилк ва деҳқончиликдан.
Ҳар бир хонадонда катта-кичик чорва моллари бор. Гўшт, сут-қатиқ ўзларидан чиқади. Рўзғоридан ортганини Урганч шаҳридаги сутни қайта ишлаш заводига топширишади. Корхона ишчилари ҳар куни махсус техникаларда келиб, аҳоли хонадонларидан сутни олиб кетишади. Ҳудуднинг ўзида иккита чорвачилик фермаси бор. Бирида 80 бош, яна бирида 30 бош қорамол боқилади.
Оқова сув муаммоси фермерларни банкротга учратмоқда. Сув йўқлигидан 14 та фермердан 8 таси ўз ерларини топширишга мажбур бўлди. Бу ерларни олган кластерларнинг ҳам харажати ошиб, фойдадан кўра зарарга ишлашмоқда.
Аҳоли томорқаларини суғориш бир мунча қулайроқ. Бироқ бир ҳафта сув келса, 15 кун йўқ бўлади. Шу сабаб аҳоли ўз томорқаларига кам сув талаб этадиган буғдой, сабзи, картошка, макка экинларини экиб олишмоқда. Шу кунга қадар аҳолига 30 сотихдан 11,3 гектар ер майдони аукцион орқали ажратиб берилди.
Таклиф: оқова сув муаммосин ҳал этиш учун ҳудудда баҳор фаслигача учта артезиан қудуқларини қазиш зарур. Шунда аҳоли томорқа экинлари артезиан қудуқлардан суғорилиб, мавжуд оқова сув фермер дала майдонларига етиб борилиши таъминланади.
2019 йил “Обод қишлоқ” дастури асосида маҳалланинг барча кўчаларига шебен ётқизилди. Ичимлик сув билан таъминланди. Очиқ электр симлари кабелларга алмаштирилди. 1,2 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, шу кўчага тунги ёритқич чироқлари ўрнатилди. Ўтган йили 36 та бетон устунлар ёритқич чироқлари билан қўйилди. Бу йил 1 километр йўл асфальтланиб, 2100 метрга шағал тўкилди.
Муаммо: аҳоли куз-қиш мавсумидан эсон-омон чиқиб олиши учун маҳалладаги 40 та симёғоч алмаштирилиб, 3 километр электр сим янгиланиши, 1 та трансформатор ўрнатилиб, 2 таси таъмирланиши зарур. Чунки аҳолида табиий газ йўқлиги сабаб, қиш мавсумида электр энергияга бўлган талаб ортиб кетади.
Яна бир муаммо, давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилиши бошланган маҳалла идораси якунланмай қолди. Шу масалада амалий ёрдам бўлса яхши бўларди. Чунки “маҳалла бешлиги” аукцион орқали сотиб олинган каб-ҳунар коллежи биносида ўтирибди. Бу ерда тадбиркор хусусий мактаб қуришни режалаштирмоқда. Агар қурилиш ишлари бошланса, маҳалла ходимлари жойсиз қолиши мумкин.
Тадбиркорлик аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб ривожланмоқда. Аҳоли кўпроқ даромад келтирадиган юк ташувчи электр мотоцикл ва мотокультиваторларни харид қилмоқда. Хотин-қизлар тикув машинаси ва мини печлар олиб, тикувчилик ва қандолатчилик цехларини ташкил этмоқда. Бир тадбиркор шифохона ва дорихона хизмати фаолиятини йўлга қўйди.
Аркабой СОБИРОВ,
Янгиариқ туманидаги “Тузлоқ” маҳалласи раиси.