— Кўп ҳолларда интернет ёки телевидениедаги сериаллар орқали кўп хотинлилик тарғиб этилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бу вазият аҳоли, айниқса, ёшлар онгига турлича таъсир кўрсатади. Бундай тарғибот билан шуғулланганларга нисбатан қонунчиликда қандайдир чора кўриладими? Уларни тийиб туриш тизими борми? Фақат насиҳат билан иш битмаяпти.
Ғайрат ДОНИЕВ,
Кўкдала туманидаги
“Аннарўз” маҳалласи раиси.
Сардор РАҲМОНОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Президент томонидан 2023 йил 31 октябрда имзоланган тегишли қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш — БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн. 950 минг сўмдан 9 млн. 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш — БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн. 950 минг сўмдан 9 млн. 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Фуқаролар жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлгани учун — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн. 300 минг сўмдан 4 млн. 950 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Албатта, бунда айрим мустасно ҳолатлар мавжуд.
Шунингдек, жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш — БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн. 300 минг сўмдан 6 млн. 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача (24 млн. 750 минг сўмдан 49 млн. 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача (99 млн. сўмдан 198 млн. сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Шунингдек, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш билан боғлиқ ҳаракатлар учун — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.