Маҳалла 1966 йил, яъни Тошкент зилзиласидан кейин ташкил топган бўлиб, иккита кўп қаватли ва 812 та ҳовли уйлардан иборат. Аҳоли, асосан, савдо-сотиқ, маиший хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш соҳаларида меҳнат қилади.
Ҳудудда йирик тадбиркорлик субъектларидан – “Chig’atoy” майонез ишлаб чиқариш корхонаси ва енгил автомобилларга ойна тайёрлаш цехи мавжуд. Йиғинда ишсизлар кам, асосан, уйда ўтирган аёллар. Улар ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, тикувчилик, тадбиркорлик соҳаси бўйича ўзини ўзи банд қилмоқда. Ёшлар касб-ҳунар ўрганишлари учун мономарказга юборилмоқда. Шу кунга қадар 20 дан ортиқ ёшлар турли касб-ҳунар эгаллашган бўлса, уларнинг икки нафари Германияга кетиш учун махсус курсда ўқимоқда.
Жорий йил “Аёллар дафтари”га киритилган 229 нафар хотин-қизга бир марталик ёрдамлар кўрсатилмоқда. “Ёшлар дафтари”даги 17 нафар ёшнинг 16 нафарига ёрдам кўрсатилди. Бир нафари жараёнда. “Темир дафтар”да уч нафар ногирон фарзандни тарбиялаётган бир нафар аёл киши рўйхатда турибди. Унга мунтазам ёрдам берилиши зарур.
Асосий мақсад, аҳоли муаммоларини ҳал этиб, уларни бугунги кундан рози бўлиб яшашини таъминлашдир. Шу мақсадда маҳалла аҳолиси учун махсус телеграм гуруҳ ташкил этилган. Унда йўлланган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, зарур ёрдамлар бериб борилади. Ҳозиргина бир фуқаро турмуш ўртоғининг саломатлиги яхши эмаслиги учун ёрдам сўраб келди. Аризасини қабул қилиб, оилавий шифохонанинг бош шифокори билан гаплашиб, биринчи амалий ёрдам беришни бошладик.
Имкон қадар барча муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этишга интиляпмиз. Мураккаблари 1-сектор раҳбари ҳамкорлигида бартараф этиляпти. Ўтган йили аномал совуқ туфайли одамлар анча қийналди. Бу йил куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилиб, қўшимча трансформатор ўрнатилди.
“Маҳалла еттилиги”нинг ташкил этилиши ҳамда маҳалланинг ўз бюджети бўлиши кўплаб муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал этишга хизмат қилади. Аҳолининг фаровонлиги ошиб, хурсандчилик онлари кўпаяди.
Ўтган йили “Яшил макон” лойиҳаси доирасида катта йўл бўйига эккан кўчатларнинг 70-80 фоизи тутиб кетди. Бу йил ички кўчаларга ва мактаб атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Шу кунга қадар 220 туп кўчат қадалга бўлса, яна 200 туп кўчат экилади. Агар яна бир-икки йил ҳар бир фуқаро виждонан дарахт экиб, уларнинг парваришига қараса, табиат яшилликка бурканиб, нафас олиш ҳам яхшиланади.
Шокир ҚОРАБОЕВ,
Олмазор туманидаги “Янги Тошкент” маҳалласи раиси.