Маҳалла “драйвери” – қишлоқ хўжалиги. Бу ерда картошкачилик билан узумчилик яхши ривожланган. Ҳар бир хонадон томорқасида картошка ёки ток мавжуд. 40 гектарга яқин виночиликка ихтисослашган узум плантациялари бор. Аҳоли ғалладан бўшаган ер майдонларга такрорий экин сифатида полиз маҳсулотлари экиб, қўшимча даромад олишади.
Тадбиркорлик соҳаси ривожланмоқда. Тамаддихоналар, тикув цехлар фаолияти йўлга қўйилган. Учта тикув цехда турли буюмлар ишлаб чиқарилиши билан бирга, маҳалла хотин-қизлари чеварчиликка ўқитилади. Ҳар бир цехда йигирма нафардан аёл доимий иш ўрнига эга. Ёшлар йиғин ҳудудидаги 1-сонли касб-ҳунар коллежида ҳайдовчилик, сартарошлик, пайвандлаш каби долзарб касблар билан бирга, замонавий касб-ҳунарларни ўрганишяпти.
“Обод маҳалла”, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда “маҳалла бешлиги” ҳар бир хонадонда бўлиб, ободонлаштириш бўйича хатлов ишларини амалга оширяпти.
“Яшил макон” лойиҳаси кўтаринки руҳда давом этяпти. 1-сонли касб-ҳунар коллежи ҳудудида 110 туп мевали ва 70 туп манзарали дарахт кўчати экилиб, “Оналар” боғи ташкил этилди. 57-мактаб ҳудудига 70 туп олхўри, 12 туп арча кўчати қадалди. Қўшимчасига шомшот дарахт кўчатидан3 мингта, атиргулдан 1,5 мингта қаламча, 5- ва 38-мактабгача давлат таълим муассасалари ҳудудига 80 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
Қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Маҳалладаги 15 та кўчанинг 9 таси асфальтланди. Энди аҳоли хонадонларидаги электр энергия таъминотида ортиқча кучланиш бўлмайди. Чунки 10 та трансформатор янгиланди.
Қилиниши керак бўлган ишлардан бири, Сарой кўчасига 6 та темир-бетон устунлар ўрнатилиши зарур. Қолган йўлларни тезроқ асфальтлаш лозим. Яна бир муаммо, маҳалла ҳудудидан ўтган автомобиль йўл ёқасига ўрнатилган тунги ёритқич чироқларини электр энергиясига улаш бўляпти. Бу масала юзасидан “Автойўл”га мурожаат қилсак, улар бу иш билан “Ободонлаштириш” шуғулланиши керак дейди, “Ободонлаштириш”га борсак, “Автойўл”нинг вазифаси дейди. Хуллас, отангга бор, онанга бор қабилида иш тутиляпти. Агар тунги ёритқич чироқларга қуёш панеллари ўрнатилса, ҳар икки ташкилотнинг кераги бўлмай қолади…
Абдурасул РАББИМОВ,
Тойлоқ туманидаги “Боғизоғон” маҳалласи раиси