Маҳалла пойтахтдаги йирик – “Карвон” бозорига яқин ҳудудда жойлашган. Табиийки, аҳолининг асосий қисми шу бозорда савдо-сотиқ ва турли юмушлар билан банд. Тадбиркорлик, касаначилик яхши ривожланмоқда.
Асосан, ҳунармандлар – мебелчи усталар кўп. Олти-еттита йирик мебель цехлар бор. Хонадонларда ҳам мебель ясаб, рўзғорини обод қилаётган ҳунарманд-усталар кўп. Касаначи хотин-қизлар эса кўрпа-тўшак, жойнамоз тикиб, даромад олишяпти.
Йиғинда яхши бир анъана йўлга қўйилган. Бирор муаммоли масала бўлса, аввало, “маҳалла бешлиги” ҳал этишади. Агар оилавий нотинчлик, ажрим каби масалаларда маҳалла қошидаги Яраштириш комиссияси аъзолари ёрдамга келишади. Куни кеча ҳам масжид имомини чақириб, оиласи нотинч бир йигитимиз билан тушунтириш суҳбатларини олиб бордик. Шукрки, имом, отин-ойи, кексалар иштирокида ўтаётган бундай тушунтириш ишлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар “маҳалла бешлиги” ҳамда 3-сектор раҳбари Дилмурод Содиқов ҳамкорлигида ҳал этиб келинмоқда. Шу кунгача икки минг квадрат метр кўчалар асфальтланди. Энди ирригация тизимлари таъмирланади. Келгусида охирига етмаган кўчаларга канализация тармоқлари тортилади.
Шу кунларда маҳалла ҳудудида ҳашар ишлари амалга оширилмоқда. Кексалар билан бўш жой танлаб, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 200 туп кўчат экиб, “Кўксарой” боғини ташкил этиш режасидамиз.
Дилшод ИСМАТУЛЛАЕВ,
Учтепа туманидаги “Кўксарой” маҳалласи раиси