Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан республикамизнинг барча вилоятларида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятидан ҳам дастурга вилоятнинг 5 та маҳалласи – Избоскан туманидаги “Гулистон”, Балиқчидаги “Ҳалфа чек”, Жалақудуқдаги “Қутлуғ”, Бўстондаги “Меҳнатобод” ва Қўрғонтепадаги “Қизил тўқай” маҳаллалари киритилган.
Танлаб олинган маҳаллаларда “хонадонбай” хатловлар ўтказилиб, ҳудудлар кесимида ишлаб чиқилган “Йўл хариталари” асосида ишлар давом этмоқда. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 23 та кўча ободонлаштирилди.
Хусусан, электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида 376 дона эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди, 9 та трансформатор капитал таьмирланди ва 6 та янги ўрнатилди, 11 км. узунликда кабеллар тортилди.
Маҳаллалардаги ички йўлларнинг жами 7,9 км. қисмига асфальт ётқизилиб, 7,6 км. узунликдаги қисми шағаллаштирилди, 2 км масофада пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Ҳудудлардан ўтувчи жами 47,8 км. узунликдаги ариқ, зовур ва коллекторлар тозаланди.
Табиий газ тармоғидаги 2 та ГТП капитал ва 4 км газ қувурлари жорий таъмирланди. Шунингдек, 124 та ахоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари, ижтимоий соҳа объектларига 47,2 тонна ва аҳоли хонадонларига 178 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди. 30 км узунликдаги сув қувурлари тортилиб, 2 дона сув иншооти ўрнатилди.
Бу ташаббусда аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, хашар йўли билан маҳаллалардаги 6 та қабристон тўлиқ тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Маҳалла биноси ва ижтимоий объектлардаги камчиликларни бартараф этиш йўналишида маҳалла бешлиги учун янги хизмат биносини қуриш ишлари бошланди. Ҳудудлардаги 1 та умумтаълим мактабида капитал таъмирлаш ишлари якунланди.
Аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадида 12 мингга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди шунингек, 275 та фуқарога бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди. Жами 78 нафар фуқаро вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида соғлиғи тикланди.
Лутфилло МАҲМУДОВ,
Андижон вилояти
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси
шўъба мудири.