“Обод хонадон”, “Обод кўча, “Обод маҳалла” мезони асосида вилоятимизда танлаб олинган 4 та маҳалла орасида биз ҳам бормиз. Ҳудудимиз қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош, 2,5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Бу ерларга одам кўчиб келган даврдан то шу кунгача тоза ичимлик сув бўлмаган. Юқоридаги дастур асосида 548 та хонадоннинг ҳар бирига оби ҳаёт кириб бориши барчани бирдек қувонтирмоқда. Айни пайтда маҳалла учун 2 та қудуқ қазилмоқда. Режада 11 км. масофада чимлик сув, яна шунча миқдорда электр тармоқ тортиш белгиланган. Қолаверса, электр таъминотини яхшилаш мақсадида эски ёғоч устунлар ўрнига 100 та темир бетон устунлар ўрнатилди. 2 дона юқори кучланишдаги трансформатор янгиланади.
Аҳолимизга яна бир қувончли янгилик — ёзда чанг, қишда лой кўчалар ҳам афальтланмоқда. Олиб борилаётган ишлар доирасида ҳомийлик асосида янги 5 хонали маҳалла фуқаролар йиғини идораси қурилмоқда.
Эътиборлиси, аҳоли иштирокида хашарлар ўтказилиб, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, таълим муассасалари, қабристонларда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, 3 км. масофада кўчаларимизни асфальтлаш белгиланган бўлиб, ҳозирда 1,7 км. қисмидаги ишлар якунига етди. Бу билан Учқўрғон кўчамиз тўлиқ асфальтланди.
Дилмурод РЎЗИЕВ,
Қўрғонтепа туманидаги
“Қизилтўқай” маҳалласи раиси.