Бу ерларда беклар авлоди яшаб, обод этгани учун маҳаллага “Бекобод” деб ном қўйилган. Ҳозирда маҳалла “драйвери” узумчилик ва тикувчилик. 511 та хонадоннинг 500 тасида узум бор. Эркаклар узумчилик билан шуғуланишса, фарзанд тарбияси ва уйда ўтирган аёллар тикувчилик билан машғул.
Йиғин аҳолисининг томорқа маданияти яхши ривожланган. Ҳар бир хонадон эгаси томорқасида ўз эҳтиёжлари учун зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишади. Шу сабаб қишин-ёзин кўкатлар аримайди.
Еттита аёл тикув машиналари олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Ҳар бир тикув цехида 4-5 нафар хотин-қиз ишли қилинган. Улар кўрпа-ёстиқ, пастел тўпларидан иборат ярим тайёр маҳсулотларни тикиб, сотувга тайёр ҳолатда чиқаришади. Яна элликдан ортиқ хотин-қизлар ўз хонадонида буюртма асосида аёллар ва болалар кийимлари, замонавий пардалар тикишади.
Бундан ташқари, маҳалла идораси ёнида тикув цехи очилган. Дурдонахона раҳбарлик қилаётган цехда 20 нафар маҳалла қизлари тикувчилик сирларини ўрганишмоқда. Ширинликлар ишлар чиқариш цехида уч нафар аёл доимий иш билан банд. Яқин кунларда оқ қанд ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна олти нафар киши ишли бўлади.
Маҳалла аҳолиси тўлиқ ичимлик сув билан таъминланган. Юқори қувватли трансформатор ўрнатилиб, қарийб барча симёғочлар янгисига алмаштирилди. Биргина муаммо, 10 та кўчадан 8 таси асфальтланиши қолди, халос.
Барча масалаларни “маҳалла–сектор–Халқ қабулхонаси–маҳалла” тизими асосида ҳал этиб келяпмиз.
Гулбаҳор ҒУЛОМХОНОВА,
Пискент туманидаги “Бекобод” маҳалласи раиси