— Маҳалладошимиз Ўзбекистондаги хорижий компанияда ишлайди. Яқинда у туғруқ таътилига чиқмоқчи эди, бироқ корхона директори таъсисчилар чет эллик, компания эса чет эл мақомига эга бўлгани учун Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган кафолатлар ва имтиёзлар (касаллик таътиллари, туғруқ таътиллари, болани парвариш қилиш бўйича нафақа) бу корхона ходимларига татбиқ қилинмаслигини айтибди. Шу тўғрими?
Даврон ИНАТОВ,
Қарши шаҳридаги
“Геолог” маҳалласи раиси.
Ленара ҲИКМАТОВА,
«Нормa» эксперти, юрист:
— Йўқ, бу вазиятда директор ноҳақ. Меҳнат кодексининг 11-моддасига мувофиқ, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мамлакатимиз ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган қоидалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган ташкилотлар ёхуд ушбу фуқаролар, шахслар иштирокидаги, халқаро ташкилотлар ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги меҳнатга оид муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистонда ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ қилинади. Шунинг учун хорижий корхона ходимларига Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлар тақдим қилиниши керак.
Агар ташкилотнинг ички ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасига меҳнат қонунчилигига нисбатан ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган шартлар киритилган бўлса, улар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилмаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ, иш берувчининг мансабдор шахсига БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима, агар бир йил давомида маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам шу ҳолат такрорланса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Агар қонунбузилиш вояга етмаганга нисбатан содир этилган бўлса, биринчи жарима БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригачани ташкил қилади.
Қасддан ноқонуний равишда ишдан бўшатиш Жиноят кодексининг 148-моддаси бўйича жазоланади. Яъни бунда мансабдор шахслар БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Юқоридаги жавобгарлик аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганини била туриб, уни ишга олишдан бош тортиш ёки ишдан бўшатишда ҳам қўлланилади.