Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Шунингдек, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалари учун ота-онадан алимент ундирилади. Бунда алиментнинг миқдори ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Қонунчиликка кўра, болаларнинг таъминоти учун қўшимча маблағ талаб қилиниши мумкин. Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб харажатларни ундириши мумкин.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки 3 ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида алимент олувчилар билан келишув тузиши шарт. Келишувга эришилмаган тақдирда алимент олувчи алиментни бир йўла тўлаш, алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Алиментлар олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.