Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кундалик
-+=

Маҳаллаларда “еттилик” фаолияти йўлга қўйилади

БАНДЛИК, ТАДБИРКОРЛИК ВА КАСАНАЧИЛИК ЖАМҒАРМАЛАРИ МАБЛАҒЛАРИ ҲАР БИР МАҲАЛЛАГА ТАҚСИМЛАБ БЕРИЛАДИ. МАБЛАҒНИ ИШЛАТИШ МАҲАЛЛА ИХТИЁРИДА БЎЛАДИ. ХОДИМЛАРНИНГ ОЙЛИК ИШ ҲАҚИ МАҲАЛЛА РАИСИ ТОМОНИДАН ТАСДИҚЛАНАДИ

Бугун барча муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этишга эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат “бешлик тизими” ташкил этилди. Маҳалла жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айланмоқда.

 

“Маҳалла бешлиги”нинг ҳар бири қайсидир йўналишга масъул, айни соҳаларда фуқароларга кўмак бермоқда. Хусусан, ҳоким ёрдамчиси — тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар фаоли — аёллар масалалари билан ишлаш, ёшлар етакчиси — йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, профилактика инспектори — маҳалла хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажармоқда. Маҳалла раисига “бешлик”ни ҳудуддаги муаммоларни бартараф этишга йўналтириш, фаолиятини баҳолаш, рағбатлантириш ҳамда жазо чораларини қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш бўйича ҳуқуқлар берилган.

 

ИҚТИБОС. “Халқни рози қилишимиз учун маҳаллалардаги муаммоларни билиб туришимиз керак. Ҳозирги “бешлик” “еттилик” бўлади. “Еттилик“ маҳалладаги вазиятни билиши керак… Агар битта ҳоким ёрдамчиси бир ойда 5 тагина одамни иш билан таъминласа, ёшлар фаоли 5 тагина боланинг дунёқарашини ўзгартирса, худди шундай, аёллар билан ҳам ишланса, улар сони туман миқёсида қанча бўлади? Ўзбекистон тажрибасини, “эшитувчи давлат” деган иборани амалда бажарамиз, десак, бизга тажрибали, фидойи маҳалла раислари керак”.

 

Яқинда масъуллар маҳаллаларга бориб, улардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганди. Таҳлилларга кўра, маҳалладаги “бешлик”нинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар бор. “Бешлик” ягона жамоа сифатида ишламаяпти, ҳар бири ўз вазирлигига ҳисобдор. Ҳатто “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” маҳалладаги масъуллар томонидан алоҳида-алоҳида юритиляпти. Кимга қандай ёрдам берилгани, кимлар дафтарларга такроран киритилаётгани ҳақида ягона маълумотлар йўқ.

 

Шу билан бирга, ижтимоий дафтарлардаги маблағларни тўғри тақсимлашда уларнинг ҳамкорлиги, маҳалла раисининг ўрни билинмаяпти. Оқибатда ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтириляпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Қолаверса, маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. “Бешлик” зиммасига жуда кўп вазифалар юклатилган, аниқ иш методикаси ишлаб чиқилмаган. Уларнинг кўп вақти “қоғоз тўлдириш” ва мажлисларга кетяпти.

 

Бу каби камчиликлар йиғинларнинг фаолият самарадорлигига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, айрим ўринларда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларнинг эътибордан четда қолишига, давлат ёрдамидан фойдалана олмаслигига ҳам олиб келмоқда. Шу боис жорий йилнинг 26 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли ҳаётини яхшилашда маҳалла оддий иштирокчи ёки ижрочи эмас, балки у қарор қабул қиладиган марказга айланишига қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.

 

Эндиликда маҳалла бошқаруви янги ёндашувлар асосида ташкил қилинади. Амалдаги “бешлик”ка солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” бўлади. Эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади.

 

Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади. Яъни, бундан буён маблағни ишлатиш маҳалланинг ўзига, “еттилик” ихтиёрига берилади. Бу – маҳаллага ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Қолаверса, маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш йўлга қўйилади. Амалдаги учта платформа — “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади.

 

ИҚТИБОС. “Замон шиддат билан ўзгаряпти. Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз, десак, бизнинг ягона йўлимиз — маҳалла, маҳалла, маҳалла ва бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади”.

 

“Маҳалла еттилиги”нинг вазифалари аниқ белгилаб берилади. Мисол учун:

  • маҳалла раиси — эҳтиёжманд оилаларга уй-жойини яхшилашга кўмаклашиш;
  • ҳоким ёрдамчиси — ишсизларга иш топишга кўмаклашиш;
  • ёшлар етакчиси — ёшларни спорт, мусиқа ва тўгаракларга жалб этиш;
  • хотин-қизлар фаоли — аёлларни тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб қилиш;
  • солиқ ходими — маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш;
  • ижтимоий хизмат ходими — ёлғиз кекса, ногирон ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизмат кўрсатиш каби аниқ вазифалар билан шуғулланиши лозим.

 

“Маҳалла еттилиги” ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади. Жумладан, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимининг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланади. Раислар маҳалла ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўллаш бўйича тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлади.

 

ИҚТИБОС.“Маҳалла раиси ҳар ойда “оғиридан енгилига” чиқса бўладими? Энг оғир, эҳтиёжманд оилага уй-жойларни таъмирлашда ёрдамлашиши ёки ҳокимлар билан биргаликда ипотека кредитини олиб бериши мумкин. Бир ойда битта оилага ёрдам берсангиз, йилига 12 та, иккитадан бўлса, 24 та оила рози бўлади. Ҳоким ёрдамчиси бир ойда 10 тагина одамни иш билан таъминласа, буни 9 940 маҳаллага кўпайтирса, қанча одам бир ойда иш билан таъминланади? Шу боис ижтимоий соҳани барқарор ривожлантириш учун йил охиригача “маҳалла еттилиги” билан ишлашни ўрганамиз. 2024 йилга яхши тизим билан кирамиз. Одамлар рози бўлади. Одамларнинг бизга берган ишончини оқлаймиз десак, бизни битта нарса қутқаради — садоқат, ватанга муҳаббат ва фидойилик”.

 

Бундан ташқари, маҳалла тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чоралар ҳам кўрилади. Хусусан, Маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилади. Республика кенгашига Бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгашлар “маҳалла еттилиги” қўйган масалалар бўйича ҳар бир туманнинг хусусиятидан, маҳаллаларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб муаммоларга ечим топади, молиявий манбаларини аниқлайди.

 

Маҳалладаги муаммоли масалаларга ечим топишда илмий асосланган янги ёндашувлар ишлаб чиқилади, бунга илмий ва нодавлат ташкилотлар ҳам жалб қилинади. Юқоридаги таклифлар асосида соҳанинг ташкилий тузилмаси, ваколатлари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

 

***

Умуман олганда, Президент томонидан билдирилган ташаббуслар маҳалланинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш билан бирга, тизимдаги қатор масалаларни ҳал этиш имконини беради. Жумладан:

биринчидан, маҳалла раиси йиғиннинг ҳақиқий етакчисига айланади. Барча ходимларнинг раислар билан ҳамжиҳатликда ишлаши таъминланади;

иккинчидан, маҳалланинг молиявий имкониятлари ошади. Яъни кимга қандай кўмак бериш кераклиги маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади;

учинчидан, маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш тартиби йўлга қўйилади. Яъни маҳалладаги барча маълумотлар тарқоқ ҳолда эмас, ягона битта платформада акс этади.

тўртинчидан, маҳаллани эшитадиган, муаммоларига ечим топадиган, молиявий кўмак берадиган тузилма шакллантирилади.

 

Юқоридагиларнинг барчаси одамларни қийнаётган масалаларни маҳалланинг ўзида ҳал этиш имконини беради. Маҳалла раисларининг мавқеини юксалтириб, “еттилик” аъзоларининг ҳамжиҳатликда иш юритишига замин ҳозирлайди.

 

Элмурод ҚАРШИЕВ,

Камбағалликни қисқартириш

ва бандлик вазирлиги бошқарма

бошлиғи.

Teglar ,
Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Сурхон маҳаллалари кўркам қиёфага киряпти

“ОБОД ХОНАДОН”, “ОБОД КЎЧА”, “ОБОД МАҲАЛЛА” МЕЗОНЛАРИ АСОСИДА УЗУН ТУМАНИДАГИ “ЯНГИЙЎЛ” МАҲАЛЛАСИДА БАРПО ЭТИЛГАН ОБЕКТЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ.