Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда жами иқтисодий фаол аҳоли 14,98 миллион кишини ташкил қилган. Ундан жами 13,7 миллион киши иш билан банд бўлиб, уларнинг 6,5 миллион (47 фоиз) нафари расмий секторда банд.
Иқтисодий фаол аҳоли, бу — иқтисодиётда банд бўлганлар ва ишсизларни ўз ичига олади. Бунга талабалар, бола парвариши билан «декрет» таътилида ўтирганлар ва ўз хоҳишига кўра ишламайдиганлар кирмайди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари Ўзбекистонда норасмий бандлик ҳолатини таҳлил қилди. Унга кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича жами норасмий секторда банд бўлганларнинг энг катта улуши, яъни 34 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида меҳнат қилади. Худди шу кўрсатгич савдода 14 фоиз, қурилишда 14 фоиз ва саноатда 11 фоизни ташкил этади.
Норасмий бандлар, бу — юридик шахс мақомига эга бўлмаган корхоналарда ишлайдиган ишчилар. Ушбу тоифага меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказмасдан ишлайдиган хуфёна сектор вакилларидан ташқари, рўйхатдан ўтмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар ва уларнинг ишчилари киради.
Таъкидлаш жоизки, норасмий секторнинг катталиги ҳукуматларга иқтисодий сиёсатни самарали амалга ошириш ва иқтисодиётни тартибга солишда қийинчилик туғдиради. Мисол учун, мазкур секторда банд бўлганлар соҳалар кесимида расмий секторда банд бўлганлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи олади, деб фараз қилинса, 2022 йилнинг ўзида 9 миллиондан ошиқ аҳоли норасмий секторда банд бўлгани ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ келиб тушмаган.
Бюджет маблағларининг ярмидан кўпи ижтимоий соҳага йўналтирилиши инобатга олинса, бу маблағ ҳисобига 500 ўқув ўринли 4 100 та мактаб қуриш ёки барча ҳудудлардаги таълим олувчиларни сифатли таълим билан қамраб олиш учун мавжуд 10 522 та мактабнинг моддий-техник базасини замонавий ўқув анжомлари билан таъминлаш мумкин.
Ёки бўлмаса, 3 737 та амбулатор тиббий муассаса қуриш, тиббий ходимлар ойлик маошини 7,8 миллион сўмга, ўқитувчиларнинг ойлик маошини 7,2 миллион сўмга етказиш мумкин бўларди. Кўринадики, тегишли солиқларни тўламасдан бироз кўпроқ даромад олиш орқали «ютиш» бевосита бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишдаги «ютқазиш»га олиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда Ўзбекистонда норасмий секторда банд бўлганлар сони маълум даражада (2020 йилдаги 43 фоиздан 2022 йилда 40 фоизга) пасайди. Бунда ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, солиқ соҳасида қулайликлар яратиш, тадбиркорликни рақамлаштириш ва ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари ташкил этилгани аҳамиятли.
Энг муҳими, ҳар биримизнинг расмий фаолият юритиш борасидаги қароримиз ўзимизга ва жамиятга юқоридаги каби қатор афзалликлар беришини, ҳаётимизни сифат жиҳатдан яхшиланишига ҳисса қўшишини ёдда тутишимиз лозим.
Муҳаммад Али ИБРОҲИМОВ